November 25, 2019

ПАРИЛАР МАҲАЛЛАСИДА ПАРИЛАР ЯШАГАНМИ?

Мамлакатимизнинг қайси масканида бўлмайлик, чустлик эканимизни эшитганлар дарҳол саволга тутишади. “Сизларнинг туманингизда Олмос деган қишлоқ бор экан. Бу ернинг қиз-у жувонлари бир-биридан сулув, ҳуснда тенги йўқ, парилар наслиданмиш. Шу гаплар ростми? - дея сўрашади. Биз эса уларга “Нафақат Олмоснинг балки, Ўзбекистонимизнинг барча қиз-у аёллари ҳусн-малоҳатда парилардан асло қолишмайди”, - жавоб берамиз фаҳраниб. Бироқ бу саволларда ҳам жиндек асос бор. Ҳақиқатдан ҳам Олмосга бориб қолсангиз кўзлари шаҳло, киприклари узун-узун малоҳатли аёлларини кўриб ўйга чўмиб қоламан: “Ё тавба бу ернинг қиз-жувонлари ростдан ҳам парилардан тарқаганмикан?” Шунда бир пайтлар дадам раҳматли сўзлаб берган ривоят ёдимга тушади ва ундаги тим қора сочлари товонига тушадиган оҳу кўз пари ҳаёлимда қайтадан жонлангандек бўлади гўё.

Хушҳаво баҳор ойларининг сурурли тонг палласи. Шу маҳаллада яшовчи йигит ҳар кунги одатига кўра отини сайр қилдириш учун сой бўйига етаклаб тушибди. Жониворининг жиловини қўйиб юбориб, келинчаклардек ясан-тусан қилган, борлиқнинг гўзаллигидан завқланибди. Тонгнинг беғубор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олиб, қалби ҳам унга монанд илиқ ёқимли хисларга тўлибди. Шу пайт бирдан унинг нигоҳи нарироқдаги каттакон булоқ бўйига тушибди-ю, ҳайратдан қотиб қолибди.

У ерда унга орқасини ўгирган ҳолда бир қиз сувга термулиб ўтираркан. Сулувнинг елкаси бўйлаб ёйилган тим қора узун сочлари ҳушсуврат танасини беркитиб турар, аммо унинг толалари орқасидан оппоқ вужуди кўзга ташланаркан. “Бу шу ерлик қизга ёки аёлга ўхшамайди, бу аниқ” – ўзига келиб ўйлай бошлабди йигит. “Бу ернинг қизлари сира бундай ҳолатда ўтириши мумкин эмас, қизиқ ким бўлдийкан бу гўзал қиз?” Унинг қизиқиши тобора ортиб бораверибди ва бир оз ҳадиксирашига қарамасдан қизиқиш устун келиб унга яқинлашишга қарор қилибди. Ёнидаги отига “Овоз чиқарма” дегандек ишора қилган экан, ақлли жонивор тушунибди чоғи, ўрнида қимирламай тек қотибди.

Йигит оҳиста, шарпасиз қадам билан олдинга илгарилабди. Қиз хаёл дарёсининг туб-тубига чўкиб кетгани учун йигитнинг яқин борганини сезмас, унинг латофати шу қадар эдики, унга бир бор боққан кишини зумда афсунлаб қўярди. Гўзалдан кўзини узолмай, унга чиндан ошиқу беқарор бўлганига ишончи комил бўлган йигит ички бир журъат билан қизнинг билагидан маҳкам ушлаб олибди. Кутилмаган ҳолатдан чўчиб саросимага тушган қиз унинг чайир, бақувват қўлларидан чиқиб кетишга ҳарчанд уринмасин уддасидан чиқа олмабди. Ахири, ялиниб-ёлворишга ўтибди. “Қўйиб юбор, эй, йигит! Мен парилар наслиданман, озод қил, ўз маконимга кетай”. Бироқ муҳаббат қалбини тилка-пора қилиб, кўзларини кўр қилиб қўйган ошиқ парини бақувват қўллари билан маҳкам тутиб турар, уни қўйиб юборишни асло истамас эди.

Пари ёлвориши беҳуда эканлигини ҳис этиб, тақдирга тан бераркан, ноилож йигитнинг амрига бўйсунишга мажбур бўлибди. Иккиси сой бўйида ўтлаб юрган саман отни етаклаб, уйи томон йўл олибди.

Йўл-йўлакай йигит паризодадан бу ерларга келиб қолишининг сабабини сўрабди.

“Аждодларимдан одамлар яшайдиган заминда эрта тонг ҳавосининг ниҳоятда беғубор бўлиши, агар ундан бир бор тўйиб нафас олса танадаги истаган дард зумда чиқиб кетиши, бунинг устига табиатининг ниҳоятда фусункор бўлиши” ҳақида кўп эшитганим боис, анчадан бери бу ҳақиқатни ўз кўзим билан кўриш истагида ёнардим. Ана шу қизиқишим мени бу жойларга етаклаб келди, сизга дучор қилди” дебди пари қиз.

“Қандай хулосага келдинг? Улар ҳақ эканми?” – сўрабди йигит.

“Албатта”, - дебди пари қизи. –Бу ерларга бир қарашдаёқ меҳрим тушди”.

Кўп ўтмай қишлоқда катта тўй бўлди. Пари ва йигит турмуш қурдилар.

Орадан бир-бирини қувиб йиллар ўтибди. Тақдирнинг инояти билан улар серфарзанд бўлишибди. Ўғил-қизлари одобли, ғурурли паризодалар бўлиб, ўсиб-улғайишибди.

Шундай қилиб, уларнинг оиласи бахтли, саодатли ҳаёт кечиришаркан. Бироқ, ана шундай кунларнинг бирида эрта тонгда уйғониб, ёнида суюкли хотини йўқлигини кўрган йигит авваллари бундан ҳолатни сира кузатмагани учун ҳайрон бўлибди. Ва ҳар кунги одатига кўра отининг жиловидан ушлаб сой бўйига тушиб кетибди. Не кўз билан кўрсинки, паризода ўша қадрдон ва таниш булоқ бўйида сувга термулганча унсиз йиғлаб ўтирган экан.

Бу ҳолни кўрган йигитнинг кўнгли бузилибди, ёрининг ёнига бориб қўлидан тутибди: “Гўзалим, хафалигинг боиси не? Ким дилингга озор етказишга ҳадди сиғди?! Айт туғилганидан пушаймон қилмасам, отимни бошқа қўяман!

Тўхта, балки сени ранжитган мендирман? Айт, севгилим, мени сўнгсиз изтироб комига ташлама!”

“Сиз билан турмуш қурганимдан хафа эмасман”, - дебди пари аста ерга қараб. “Унда кўз ёш тўкишинг боиси нимада?” – сўрабди йигит сабри чидамай.

“Авлодларимни соғиндим”, - жавоб берибди пари маъюс қиёфада.

Хавотирда турган йигит парининг бу жавобидан зумда ҳовурдан тушибди.

“Шунга ҳам кўз ёшими? Бемалол бориб, уларни истаганча зиёрат қилиб келишинг мумкин, сенга сира қаршилик қилмайман” – дебди кулиб.

Аммо бу гапни эшитган пари ҳурсанд бўлмабди. Аксинча, мустарлиги баттар ошиб яна кўзлари ёшланибди.

“Ҳамма гап шунда-да! Агар кетсам сизни, болаларимни қайтиб кўриш насиб бўладими-йўқми билмайман”, - дебди у.

“Париларнинг инсон зоти билан ҳаётларини боғлашлари умуман мумкин эмас. Муҳаббатим йўлида мен бу боқий қоидага хилоф иш тутиб қўйдим. Қилмишимдан афсусда эмасман. Лекин энди олдимда фақат биргина чора бор. Масканимга мана шу қайнар булоқ орқали йўл бор. Агар булоққа шўнғиганимдан кейин, ортимдаги сувнинг тиниқлиги ўзгармаса, унда билингки, ҳузурингизга албатта қайтиб келаман. Мободо сув лойқалангудек бўлса, алвидо дейишдан ўзга чорам қолмайди, унда мени кутманглар.

Чунки... ҳалок бўлган бўламан!”

Ниҳоят гап нимада эканлигидан маҳбубасининг изтироби сабабидан хабар топган йигит бошини чангаллаб ерга ўтириб қолибди. Чунки бу вазиятда бир қарорга келиш осон эмасди.

У дунёларга алмашмайдиган суюкли ёрини йўқотишни асло хоҳламас, бироқ севгилисининг хоҳишига ҳам бефарқ бўлолмасди...

Узоқ ўйлаган йигитнинг парига рухсат бермасликдан ўзга чораси қолмади.

Пари қиз эри ва фарзандлари билан хайрлашгач, булоққа шўнғибди.

Афсуски, йигит орзиқиб кутган мўъжиза рўй бермабди - қизнинг ортидан сув лойқаланиб кетибди.

Йигит узоқ йиллар маҳбубасининг ортга қайтишини интизор кутибди. Бироқ паридан сира дарак бўлмабди. Бечора йигит суюкли ёридан охири умидини узибди.

Аммо севгисига бўлган садоқати туфайли бошқа уйланмабди ҳам. Фарзандлари ўзидан кўпайиб, униб-ўсибди. Шундан буён улар яшаган гўша парилар маҳалласи номини олган экан.

Аслида шундай маҳалла бўлганми? У ерда ростдан ҳам паризодалар яшаганми? Балки, асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган маҳалланинг номи, у ҳақдаги ривоят бежиз айтилмагандир? Олмослик кексалар билан суҳбатлашганимизда ота-боболаридан эшитганларини таъкидлашди. Парилар маҳалласи сой соҳилида, катта булоқ ёнида жой��ашган экан. Олмосда эса сойлар кўп, булоқлар эса беҳисоб. Бу ҳақда ҳозиргача ҳеч қандай далил, манбаа йўқ. Яна ким билади дейсиз...

Журналист, Мирзадавлат ЮНУСОВ.