ИЗОҲ: Фарғоналик аёл депутатлик номзодидан воз кечган
Ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган аёл ҳақида суратлар тарқалиб, турлича талқин қилинмоқда.
22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётган бўлиб, айни кунларда депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Миллий қонунчилигимизда сайловларда депутатликка номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан илгари сурилиши қатъий белгилаб қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир партияга катта ҳуқуқ ва имконият бериши билан бирга юксак масъулият ҳам юклайди.
Эл-юрт орасида ҳурмат қозонган инсонлар номзодини депутат сифатида кўрсатиш сиёсий партияларнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Фарғона шаҳрида ўтказилаётган сайловларга, хусусан, номзодларни кўрсатиш масаласида ҳокимлик аралашмаган бўлиб, 5 та сиёсий партиялар томонидан улар илгари сурилди. Халқ депутатлари шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи комиссиянинг маълум қилишича, 30 та округ бўйича 150 нафар депутатликка номзодлар рўйхатга олинган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёлнинг номзоди шаҳар кенгаши депутатлигига Экологик партия томонидан 25-“Марғилон” округидан кўрсатилган бўлиб, у хусусий корхона раҳбари бўлиб ишлайди.
Сайлов кодексининг 42-моддасига кўра, шов-шувларга сабаб бўлган аёл шаҳар сайлов комиссиясига 23 ноябрь куни номзодликдан воз кечиш бўйича ариза билан мурожаат қилган. Сайлов комиссиясининг қарорига асосан у номзодлар рўйхатидан чиқарилган.
Экологик партия Фарғона шаҳар кенгашининг маълум қилишича, бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги партия қарори бекор қилинган.
Манба: ЎзА.