ДТМ Ўзбекистоннинг энг қиммат олий ўқув юртларини эълон қилди
Давлат тест маркази Ўзбекистондаги таълим учун ўқиш пули энг қиммат олий ўқув юртлари номлари ва нархларини эълон қилди.
Энг қиммат олийгоҳлар рўйхатига битта хусусий университет ҳамда 9 та хорижий дорилфунуннинг филиаллари киритилган.
Рейтингни AKFA университети бошқармоқда. Олийгоҳда бир йиллик таълимнинг нархи 58 миллион сўмни (6084 АҚШ доллари) ташкил этади.
Университет Ҳукуматнинг 2019 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинган. Муассасада фундаментал, тиббий, аниқ ва гуманитар фанлар бўйича юқори малакали мутахассислар таълим олади. Таълим жараёни инглиз тилида олиб борилиб, 6 йил давом этади (2 йил тайёрлов курслари ва 4 йил тиббиёт факультетида).
Иккинчи ўринда Москва давлат Халқаро муносабатлар институтининг Ўзбекистондаги филиали қайд этилган. Бу ерда бир йиллик ўқишнинг қиймати 52 миллион 230 минг сўм (5479 АҚШ доллари).
Талабалар МГМИОда «Бизнес ахборот» ва «Юриспруденция» йўналишлари бўйича жорий йилнинг сентябрь ойидан ўқишни бошлаган. Университет дунёнинг нуфузли университетлари рўйхатида 366-ўринни эгаллаган.
Кейинги поғонада Инҳа университети бормоқда, бу ерда бир йиллик ўқиш нархи 30 миллион сўм (3147 АҚШ доллари).
Инҳа университети Президентнинг 2014 йил 24 мартдаги қарори асосида ташкил қилинган, шу йили октябрь ойидан бошлаб «Компьютер инжиниринги» ҳамда «Дастурий инжиниринг» йўналишлари бўйича фаолият юритмоқда.
2002 йил январда фаолиятини бошлаган, Буюк Британия таълим сифати бўйича ўқитиладиган илк университет, Вестминистр халқаро университетида ҳам 1 йиллик ўқиш нархи 30 миллион сўмни (3147 АҚШ доллари) ташкил қилмоқда.
Сингапур менежментни ривожлантириш институтида (MDIS in Tashkent) бир йиллик таълим нархи 28 миллион 800 минг сўм (3021 АҚШ доллари).
Пойтахтдаги Турин политехника университетида бир йиллик ўқиш нархи 28 миллион 500 минг сўм.
2009 йилда Тошкентда очилган университет филиалида бакалавр дипломлари «Машинасозлик технологияси», «Авиакосмик инжиниринг», «Саноат қурилиш ва архитектура», «Ахборот технологиялари ва саноатда АБТ», шунингдек, магистратурада «Машинасозлик технологияси» ва «Мехатроника» мутахассисликлари мавжуд.
Тошкент шаҳридаги Пучон университети (Bucheon University in Tashkent, BUT). Бу ердаги бир йиллик таълимнинг нархи 28 миллион 250 минг сўм (2963 АҚШ доллари).
Вебстер университети Тошкент филиали. Ўқиш нархи бир йил учун — 27 миллион 400 минг сўм (2874 АҚШ доллари).
Тошкентдаги Еожу техника институти — 26 миллион сўм (2727 АҚШ доллари).
Институтда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бинзесни бошқариш, халқаро маркетинг, халқаро иқтисодий муносабатлар, бошланғич таълим, мактабгача таълим, корейс филологияси, либослар дизайни йўналишлари бўйича таълим берилади.
Амити университетининг Тошкентдаги филиали (Amity university Tashkent)да бир йиллик ўқиш нархи 25 миллион 350 минг сўмни (2659 АҚШ доллари) ташкил этади.
Университет филиалида олий таълимнинг ахборот технологиялари, менежмент ва туризм соҳалари бўйича таълим берилади.