ИИВ: «Жамоат жойларида содир этилган жиноятлар 31 фоизга камайди»
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда «Хавфсиз шаҳар» концепциясининг моҳияти» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси мутасаддилари жорий йилнинг 10 ойи мобайнида республика ҳудудида 58 млн 61 942 нафар фуқаро иштирокида 97 минг 727 маротаба оммавий тадбирлар ўтказилганини маълум қилди. Шундан 2 677 та сиёсий-ижтимоий, 11 292 та маданий-оммавий, 4 454 та спорт тадбирлари бўлиб, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлиги тўла таъминланган.
«Жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида республика миқёсида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жамоат жойларида содир этилган жиноятлар сони 2293 тадан 1582 тага (31 фоизга), жумладан, қасддан одам ўлдириш 32 тадан 17 тага (46,9 фоизга), қасддан баданга оғир шикаст етказиш 226 тадан 176 тага (22,1 фоизга), ўғрилик 881 тадан 556 тага (36,9 фоизга), талончилик 131 тадан 96 тага (26,7 фоизга) ва безорилик 467 тадан 339 тага (27,4 фоизга) камайган», — деди Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Даврон Зиёматов.
Таъкидланишича, ППХ саф бўлинмалари нарядлари томонидан жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик содир этгани ёки шубҳа уйғотгани учун 1 млн 560 минг 79 нафар шахс ички ишлар органлари ва таянч пунктларига олиб борилган. ИИБ профилактик ҳисобида турувчи 24 354 нафар, маъмурий назорат остида турган 14 789 нафар ва ов қуролига эга бўлган 4 510 нафар шахс профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда текшириб чиқилган.
Ҳисобот даврида жами 3 282 та жиноят ППХ саф бўлинмалари нарядлари иштирокида, 471 таси эса ППХ ходимлари томонидан бевосита фош этилгани, 1 220 та жиноятнинг олди олингани, жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган 586 нафар ва бедарак йўқолган 131 нафар шахс аниқлангани қайд этилди.
Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати.