December 17, 2019

Муаммолар ечим топмоқда

Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.И.Атаходжаев томонидан фуқароларнинг ҳудудларни ижтимоий иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, яшаш ва турмуш шароитлари, ижтимоий аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида шу йил 13 декабрь куни Косонсой тумани “Қуқумбой” ва “Бешкетмон” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашув ўтказилган эди.

Ўтказилган оммавий қабуллар давомида жами 88 нафар фуқаролар иштирок этиб, улардан турли хил масалаларда 36 та мурожаатлар қабул қилинган.

Жумладан, газ баллонини тўлдириш шахобчасини худудда ташкил этиш ва табиий газ босимини ошириш, уй-жой олиш масаласида, боғдорчилик ҳамда тадбиркорлик қилиш учун ер ажратиб бериш масаласида, ички йўлларни шағаллаштириш ва Қуқумбой кўчаси икки ён тарафига латок ариқ қилиш бўйича, 215 хонадонни ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда мавжуд сув тарқатиш иншоотини таъмирлаш юзасидан, худуддан оқиб ўтаётган оқава сувларига канализация чиқиндилари оқизилаётганлиги, янги электр сим ёғочлар ўрнатиш, бандликни таъминланиши юзасидан, маҳалладаги шифохонани қайта таъмирлаш бўйича мурожаатлар келиб тушди.

“Қуқумбой” ва “Бешкетмон” МФЙда яшовчи фуқаролар томонидан ичимлик суви танқислиги бўйича билдирган эътироз ва мурожаатлари қисқа фурсатларда тегишли идора вакиллари билан ўрганиб чиқилиб, бугун 17 декабрь куни ушбу ҳудудда жойлашган сув иншооти таъмирланиб, соз ҳолатга келтирилди. Шу вақтгача бу ҳудудда яшовчи аҳоли истеъмолга яроқсиз сувдан фойдаланиб келишаётган эди. Энди уларда ичимлик суви муаммоси бўлмайди.

Бундан ташқари худуддан оқиб ўтаётган оқава сувларига канализация чиқиндилари оқизилаётганлиги муаммоси юзасидан ҳудудда жойлашган боғдорчиликка ихтисослашган ер эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, ўзбошимчалик билан қувурни очилган жойлар беркитилиб, чиқиндилардан тозаланди.

Шунингдек қабул давомида кўмир махсулотини сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг ҳам аризалари қаноатлантирилиб, “Қуқумбой” ва “Бешкетмон” МФЙ ахолиси учун 25 тонна кўмир махсулотлари етказиб берилди. Наманган вилояти ИИБ бошлиғи томонидан сайёр қабуллар давом эттирилмоқда.

Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати.