January 10, 2020

Сиз учун муҳим!

Кимлар фойда солиғи тўловчилари саналади?

Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлган юридик шахслар;

Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширадиган ҳамда манбалардан даромадлар олувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар;

солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчилари бўлган юридик шахслар;

солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ёки ўз ихтиёри билан фойда солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар;

оддий ширкат шартномаси доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича оддий ширкатнинг ишончли шахслари.

Айланмадан солиқ тўловчи шахслар фойда солиғи тўловчилари ҳисобланмайди.

Янги таҳрирдаги солиқ кодексида фойда солиғи бўйича қандай ўзгаришлар акс эттирилган?

Фойда солиғи бўйича қуйидаги имтиёзлар 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинади:

а) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари учун;

б) қуйидаги фаолият турлари амалга оширилганда олинган фойда қисми бўйича:

протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқаришдан, шунингдек ногиронларга ортопедик протезлаш хизмати кўрсатишдан, ногиронлар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан;

шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари) йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан;

моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш ишларини амалга оширишдан.

Қуйидаги даромадларга солиқ имтиёзлари сақланиб қолинмоқда:

давлат облигациялари ва давлатнинг бошқа қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг халқаро облигациялари бўйича даромадлар;

Халқ банки томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган фойдаси.

Зарарларни тақсимлаб кўчириш муддати 5 йилдан 10 йилга, зарарларни тақсимлаб кўчириш чегаравий миқдори солиқ солинадиган базанинг 50 фоиздан 60 фоизгача ўсган.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январга қадар солиқ тўловчи кўрилган зарарларни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги беш йил ичида келгусига тақсимлаб ўтказишни амалга оширишга ҳақлидир. Тақсимлаб ўтказилаётган зарарнинг ҳар бир навбатдаги солиқ даврида ҳисобга олинадиган жами суммаси жорий солиқ даврининг ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган фойданинг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

Банклар, цемент ва полиэтилен гранулаларни ишлаб чиқарувчир ҳамда уяли алоқа операторлари учун солиқ ставкаси 20 фоиз миқдорида сақланган. Бозор ва савдо комплексларида 20 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади.

Фойда солиғи бўйича қуйидагиларга 0 фоиз миқдорида ставка ўрнатилган:

ўзи ишлаб чиқарган ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналари учун. Бунда, реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 90 фоиздан ортиқ ташкил этилиши лозим;

ижтимоий соҳалар учун;

Бюджет ташкилотлари учун. 2023 йил 1 январгача ходимларни моддий рағбатлантиришга ҳамда моддий-техник ва ижтимоий базасини мустахкамлашга мақсадли ишлатиш шарти билан қўшимча манбалардан олинган даромадларга ноль ставка миқдорида қўлланилиши кўзда тутилган.

Товарларни (ишларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдаси учун. Экспортдан олинган даромад 15 фоиздан кам бўласлиги лозим. Бунинг учун эскпорт кунидан 180 кунгача кечиктирмай экспорт ва даромадлар тушишини ҳужжатли тасдиқланиши талаб қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрда ПФ-5587-сон фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом-ашё товарлар ҳамда халқаро йўналишда ташиш (автотранспортдан ташқари), қувур ва газ қувури бўйича ташиш учун ноль миқдорда ставка қўлланилмайди.

Наманган вилоят ДСБ матбуот хизмати.