January 14, 2020

Эр йигитга эр йигит айта олади!

Халқимизда “Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил” деган ҳикмат бор. Бу бошқаларнинг, борингки, душманингни ҳам куч ва имкониятини эътибордан чиқармасликни англатади. Аммо селектордаги “Эр йигитга эр йигит айтади!” деган хикмат Сизу бизнинг, ўзини виждони олдида ватанпарвар дея эътироф этадиганлар учун яна бир синов, яна бир имконият бўлди. Келинглар азизлар, эл-юрт ғамида бир-биримизнинг ғайрату шижоат, матонату мурувватимизни уйғотайлик! Ҳақиқий эр бўлайлик!

Уйғонайлик! Ёнайлик! Юракни ёндирайлик!

“Ватанпарвар” сўзи бир қарашда қизил гапдай, минбарбоп иборадай, туюлади. Аслида бугун ватан ишқи билан яшашнинг янги даври бошланди. Шунинг учун “Ватанпарвар” ибораси ҳар қачонгидан чуқур маъно касб этмоқда. Видеоселекторда Озодбекнинг “Мендирман ўша!” қўшиғи эслатилди. Ҳурсандчиликдан ва ҳаяжондан бўғзимга бир нидо келди. Ўз даврида сийланмаган, ўлимидан сўнг, фақат мустақиллик йилларида тақдирланган хассос шоир Мақсуд Шайхзода қаламига мансуб бу мисралар бугун асқотяпти: “Ким юртидан ёвни қувса мендирман ўша!” Авлодларимиз жасоратининг ҳақи ҳурмати уйғонайлик, ёниб яшайлик!

Тинчлик буюк неъматдир!

Ер юзининг гоҳ у, гоҳ бу гўшасида ханжар ярасидай яллиғланиб турган уруш оловлари ҳамон сўнмаяпти. Бу эса бизни ҳар қачонгидан сергак, огоҳ, хушёр ва ватанпарвар бўлишимизни тақазо этади. Шунинг учун ҳам Президентимиз ҳақли таъкидладилар: “Тинчлик деган сўз, осойишталик деган тушунча ғоят омонат бўлиб қолди!” Бу чақириқ ватан ҳимоячилари, эл-юрт қалбида акс-садо бергандай: “Ҳеч нарсага алмашмаймиз, сени тинчлик! Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!”

Раҳимжон Ирисов, журналист.