January 3, 2020

“Иблислар тириклайин қўлга олинсин!” ёҳуд сайёҳларни қўрқитган “Иван Васильевич” аскарлари

Шундай фильмлар бўладики уларни неча марта кўрсангиз ҳам зерикмайсиз. Ундаги ҳар бир саҳна, сўзлар, эпизодлар ва воқеалар ривожи шу даражада ёд бўлиб кетадики фильмни кўриб беиҳтиёр унга қўшилишиб кетасан киши.

Россиянинг машхур “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедиясини ҳам ана шундай фильмлар қаторига қўшишимиз мумкин. Ушбу фильмнинг катта экранларга чиққанига 46 йил тўлган бўлса-да ҳали ҳамон ўз қийматини, шуҳратини заррача бўлса ҳам йўқотгани йўқ. Неча авлод вакилларининг қалбидан чуқур жой эгаллаган ушбу фильм ўзбек томошабинлари учун ҳам севимли ва қадрлидир. Айниқса унинг таржимаси дубляж санъатининг энг юқори чўққиларидан бири бўлган. Ҳатто ўзбекча таржимасини кўрган фильм ижодкорлари ҳам бунга қойил қолиб, ўзбек дубляж санъатига юқори баҳо беришган экан.

Бугун сиз азиз ўқувчиларга ушбу фильмнинг тарихи ва у ҳақдаги қизиқарли фактлар ҳақида қисқача тўхталиб, фильм билан боғлиқ ёрқин хотираларга бир зум қайтмоқчимиз.

Қадимий Москва шаҳрида Кремлни томоша қилаётган бир гуруҳ чет эллик сайёҳларнинг кўзлари аллақандай отлиқларга тушади. Бу сайёҳлар орасида бир пайтлар Россияда яшаб, чет элга кетган ва айни пайтда туғилиб ўсган юртини зиёрат қилишга келган оқ гвардиячи аскарлар ҳам бор эди. Рус тилини яхши тушунишгани боис, бир навкарнинг “Иблислар тириклайин қўлга олинсин!” деган хитоби уларнинг юрагига ғулғула солади. Бу сўзларни эшитган собиқ оқ гвардиячи қария юрагини чангаллаганча: “Э, Худо! Наҳотки яна инқилоб бошланган бўлса?!” дея шивирлайди... Аммо бу “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильмининг суратга олиш жараёни эди.

Россиянинг машхур режиссиёри Леонид Гайдай томонидан 1973 йилда суратга олинган ушбу суперкомедия ўша йили совет кинопракатининг лидери бўлиб рекорд натижани қайд этганди. Кинофильмни ўша йилнинг ўзидаёқ 60 миллиондан зиёд муҳлислар томоша қилишган.

Ушбу фильм Михаил Булгаковнинг 1934-36 йилларда ёзилган “Блаженство” пьесаси асосида яратилган. Энг қизиғи бу асар муаллифнинг ҳаётлик пайтида саҳналаштирилмаган ва биринчи марта 1965 йилга келибгина китоб ҳолида чоп этилган. 37 йил муҳлисларга номаълум бўлган пьеса “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедияси яратилишига асос бўлади.

Ушбу фильм америкалик томошабинларга “Иван Васильевич: Келажакка қайтиб” (инглизча Ivan Vasilievich: Back to the Future) номи билан тақдим этилган. Кейинчалик фильмнинг ўзи ҳам бошқа машхур фантастик комедия “Келажакка қайтиб” фильмининг яратилишига туртки бўлган.

“Иван Васильевич касбини ўзгартиради” фильми, унда рол ижро этган актёрлар билан боғлиқ қизиқарли воқеалар ҳам кўп ва бу муҳлислар учун қизиқарли. Филмьдаги ўша машхур Жорж Милославский Шпакнинг ишхонасига қўнғироқ қилишда тилга олинган “3-62” телефон рақами, СССРда ўша пайтдаги ароқнинг нархини ифодаларди. Шу саҳнада Милославскийни аёл овозида гапиртирган актриса Наталья Кустинская ҳам фильмда Якиннинг иккинчи маъшуқаси ролини ижро этган. Шунингдек айрим маркетологларнинг фикрича Жорж Милославский совет телевиденияси экранларидаги биринчи рекламачи бўлган. У Сбербанк (Жамғарма банки) ёки Сберкасса (Жамғарма касса)ларини реклама қилган. Айнан Милославский ролига синовдан ўша пайтда кўпчиликнинг севимли актёри бўлган Андрей Миронов ўтган, бироқ бу ролни ўйнаш Леонид Куравлевга насиб этган.

Фильмда кўпчиликнинг ёдида қолган ўша машхур икралар. “Бақлажон икра” си Россияга воқеалар юз бергандан анча кейинроқ, яъни XVII асрда Эрондан келтирилган. Суратга олиш жараёнларида шоҳнинг столида бақлажон икраси эмас, қовоқ икраси юўлган.

Бош қаҳрамонлардан бири Шурикнинг уйи - №13 уй биноси Новокузнецк кўчасида, Москвадаги “Новокузнецкая” ва “Павелецкая” метро станциялари оралиғида жойлашган. У ерда “Светоч” магазини (кадрда вивесканинг бир қисми кўриниб қолган) бўлиб, кейинчалик 2006 йилдан у “Қизил елканлар” (“Алые Паруса”) универсамига айланган. Фильм билан боғлиқ бўлгани учун ҳам универсамга келадиганлар анча кўпчиликни ташкил қилади.

Фильмда Кремль оқ ғиштдан қурилган, бироқ замонавий қизил ғиштли Кремль Иван Грознийнинг бобоси Москва Буюк князи Иоанн III давридаёқ барпо қилинган эди.

Булгаковнинг пьесасида шоҳнинг қўлга олиниши ва сўроқ қилиниши саҳналари йўқ. Милиция шоҳнинг ўз замонасига қайтганидан кейин келади. Яна пьесада шоҳ Тимофеевнинг аппаратини шведларга Кемь қалъасини топширишгани ҳақидаги хабарни эшитиб, ғазабдан бузиб қўяди. Милиция Бунша ва Милославскийни биргаликда қўлга олади. Пьесада жиннихона врачлари чақирилмаган.

Айрим манбаларга кўра режиссиёр Леонид Гайдайнинг гонорари ўша пайтда мисли кўрилмаган сумма 18 000 рубль бўлган. Бу ўша вақтда кинемотаграфияда тижорат мақсадида ташкил қилинган “ЭТО” эксперименталь ижодий уюшмасининг ёпилишига сабаб бўлган.

Фильмнинг бош қаҳрамони шоҳ Иван Грозний ва Буншани машхур актёр Юрий Никулин ўйнаши керак эди. Бироқ у циркнинг гастрол сафарини баҳона қилиб бу таклифни рад этади. Аслида Никулин фильмнинг муваффақият қозонишига шубҳа қилган эди. Яна бир таниқли актёр Евгений Лебедовнинг Иван Грознийси ўта жиддий чиққани учун рад этилади. Сўнггида Юрий Яковлев томонидан ўша машҳур шоҳ Иван Грозний ва Бунша образлари маҳорат билан ижро этилади.

Шунингдек, фильмда Савелий Крамаров, Сергей Филиппов, Наталья Кустинская, милиция лейтенати роли ижрочиси Подшиволов, ҳамшира Наталья Гурзолар ҳам ёрқин образларни яратади.

Малика Марфа Васильевна ролини ижро этган Нина Маслова фильмда эътибор қилинса нуқул ерга қараб туради. Бунга актрисанинг ўшанда суратга олиш майдонига эридан калтак еб, кўзини кўкартириб келгани сабаб бўлган экан.

Режиссиёр Леонид Гайдай Саахов (“Кавказ асираси” фильмида) ролидан сўнг ўйланиб ҳам ўтирмай, Этушни Шпак ролига тасдиқлаганди.

Гайдай ушбу комедияни Александр Демьяненкосиз тасаввур қила олмасди ва дарҳол уни ҳам бош роллардан бирига тасдиқлайди. Шурик бу сафар инженерликка ўтиб, Тимофеев фамилиясини олди. “Ы” операциясидаги шериги Лида энди унинг рафиқаси ролида намоён бўлди.

Фильмга ишланган “С любовью встретиться” қўшиғини куйлаш учун София Ротару синовдан ўтказилган бўлса-да, овози майинлиги, “комедияга тўғри келмайди” деган сабаб билан рад этилган. Натижада қўшиқни Нина Бродская ижро этади.

Интернет маълумотлари асосида Дониёр Юсуф тайёрлади.