Ўзбекистон фуқароси хакерлик қилгани учун АҚШ санкцияси остига тушди
АҚШ Молия вазирлиги ўз санкциялари рўйхатига яна 17 кишини киритди. Улар қаторидан Россия, Исроил, Испания, Ўзбекистон ва Украина фуқаролари ўрин олган. Бу ҳақда «Fontanka.ru» хабар берди.
Рўйхатга кирганларнинг асосий қисми, яъни 12 киши Россия фуқароси ҳисобланади. Бундан ташқари, санкция остига Россиянинг 7 та компанияси ҳам тушган.
Рўйхатга киритилган барча фамилиялар АҚШ ҳукумати томонидан Россиянинг Evil Corp хакерлик гуруҳи билан боғланган. АҚШ Молия вазирлиги ташкилот раҳбари сифатида Максим Якубецни қайд этган ва уни Россия ҳукуматининг кибержиноятчилик соҳасидаги ёмон мақсадли ишларига ёрдам беради, деб ҳисоблайди.
АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, рўйхатдаги бир киши ҳам Evil Corp аъзоси, ҳам Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими ҳисобланади.
Санкция жорий қилинишига сабаб сифатида ташкилот томонидан Dridex номли дастурий таъминотнинг тарқатилгани кўрсатилган. Дастурий таъминот ёрдамида хакерлар 100 миллион доллардан ортиқ маблағни ўғирлашга муваффақ бўлган ҳамда 40 дан ортиқ мамлакатда бир неча юзлаб банк ва молиявий ташкилотлар мижозларининг маълумотларини тўплаган.
Ўзбекистон фуқароси Азамат Сафаров рўйхатга Evil Corp ташкилотига алоқадорлиги сабабли киритилган.