Иқтисодий суд ишларини юритиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Иқтисодий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган бўлиб, ўтган давр мобайнида ушбу кодексга саккиз маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
2019 йил 20 мартда кодекс янги “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” номли 231-боб билан тўлдирилди.
Унда агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги, қайси ҳолларда даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги, қандай ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмаслиги, қайси ҳолларда суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқариши аниқ белгилаб қўйилди.
Шунингдек, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилганлиги ҳақидаги далиллар илова қилиниши, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқариши, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатиши, жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақлилиги, ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши, даъво аризасининг судга юборилиши ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар томонидан даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмаслиги, белгиланган муддат ўтганидан кейин судга келиб тушган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр, далиллар ва бошқа ҳужжатлар, агар уларни белгиланган муддатда тақдим этишнинг имкони бўлмаганлиги тараф томонидан асослантирилган ва улар суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар келиб тушган бўлса, қабул қилиниши ҳам аниқ белгилаб берилди.
Бундан ташқари соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши, ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмаслиги, суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқиши, суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текшириши, далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши ва ҳал қилув қарорини қабул қилиши белгилаб қўйилди.
Соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг аҳамиятли томонларидан яна бири, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилиши, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга кириши, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозимлигидадир.
Кодексга киритилган бу қўшимчалар бугунги кунда иқтисодий судларда иш юришни янада соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ишларнинг яққол мисоли бўла олади.
Қодирхон Ходжаев, Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси.