November 22, 2019

Келгусида Янгиқўрғон туманидаги 22 та қишлоқ ва Наманган шаҳрининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг ичимлик сув таъминоти даражаси 90 фоизга ошади

2019 йил 21 ноябрь куни Наманган вилояти “Сувоқава” Давлат унитар корхонаси мажлислар залида оммавий ахборот воситалари вакиллари, ташкилотлар Ахборот хизмати раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарияти, ҳудудий “Сувоқава” филиаллари раҳбарлари, корхона бўлим бошлиқлари ва мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирда Наманган вилояти аҳолисига ичимлик ва оқава сув хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳамда тизимга ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилиниб, оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Вилоятдаги 774 та МФЙда яшовчи 2752,7 минг нафар аҳолидан 1711,5 нафари ёки 62,2 % аҳоли ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, вилоят аҳолиси ва бошқа истеъмолчиларни ичимлик суви билан таъминлаш ишлари 4 та ташкилот томонидан олиб борилади.

  • Вилоят “Сувоқава” ДУК
  • “ҚИСТ” (Қишлоқ ичимлик сув таъминот) МЧЖ
  • Давлат-хусусий шерикчилиги (Чуст, Мингбулоқ туманлари) корхоналари
  • Нодавлат-нотижорат ташкилотлари (Уйчи, Косонсой ва Чуст туманларида)

Вилоят “Сувоқава” ДУК томонидан Наманган шаҳри, туман марказларида ва уларга чегарадош қишлоқ аҳоли пунктларидаги 327 та МФЙга хизмат кўрсатилиб, ушбу маҳаллаларда яшовчи 1356,1 минг нафар аҳолининг 1047,1 минг нафари ёки 77,2% ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 309 минг аҳолининг 222,9 минг нафари альтернатив (булоқ, качалка ва бошқа) сув манбааларидан фойдаланса, 86,1 минг нафар аҳолига ичимлик суви махсус автотранспорт ёрдамида ташиб берилади.

Вилоятдаги истеъмолчиларга ичимлик суви 508 та ичимлик сув олиш иншоотларидаги мавжуд 714 та ичимлик сув қудуқлари, 863 та насос агрегатлари, умумий хажми 176370 м3 бўлган 143 та тоза сув сақлаш ховузлари, 385 та сув миноралари ва 5290,8 км, ичимлик сув тармоқлари орқали етказиб берилади.

Корхонанинг асосий мақсади сифатли ичимлик суви ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш, оқава сувларини қабул қилиб олиш, сув таъминоти ва оқава сув хизматларининг самарадорлигини оширишдан иборат.

Наманган вилоят “Сувоқава” ДУК “Обод марказ” дастури доирасида 38,7 млрд сўмлик ичимлик сув тармоқлари тортилди. Салкам 30 км тоза ичимлик сув қувури ётқизилди. Бундан ташқари 30 км сув тармоғи реконструкция қилинди. Тик қудуқлар қазиш, уларни таъмирлаш режалари тўла бажарилди. Оқава сув тармоғи қуриш ва реконструкция қилиш режаси 100 фоизга бажарилди.

Наманган вилояти аҳолисини ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 2019 йилда жами 71,4 млрд сўм маблағлар ҳисобидан 39 та (38 та ичимлик ва 1 та оқава сув) объектларда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Вилоят “Сувоқава” ДУК томонидан жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 63,3 млрд сўм (йиллик режага нисбатан 89%) маблағлар ҳисобидан жами 390,2 км ичимлик ва 14,2 км оқова сув тармоқлари, 12 та сув қудуқлари, 9 та сув минораси, 39 та насос, 14 та трансформатор, 2 та хлорлаш ва 18 та сувни зарарсизлантириш ускуналари қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида эса 33 та қишлоқда иш олиб борилди. 294 км ичимлик сув қувури ётқизилди. 3 та сув қудуқлари, 9 та сув минораси, 20 та насос, 14 та трансформатор, 18 та сувни зарарсизлантириш ускуналари қурилди ва реконструкция қилинди.

“Обод маҳалла” дастури доирасида 4,7 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган ва Наманган шаҳридаги “Мустақилликни 5 йиллиги” ва “Янги-қурилиш” маҳаллаларида 48 км ичимлик суви тармоқлари қурилган.

Корхона ДУК деб номлансада у бюджетдан молиялаштирилмайди. Балки табиат неъмати бўлган сувни ишлаб чиқариш, бошқача айтганда етказиб бериш эвазига тўланган маблағ ҳисобига фаолият юритади. Шу ўринда маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак 1м3 ичимлик сувини ишлаб чиқариш учун ўртача 1291 сўм талаб этилади. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида тўлов 50 сўм махсус устамани қўшилганда 1200 сўм қилиб белгиланган. Бу билан вилоят аҳолиси истеъмолига сарф этилаётган сув учун бир ойда ўртача 385,1 млн сўм имтиёз яратилмоқда.

 Ҳозирда ОПЕК қошидаги Халқаро ривожланиш фонди бошқарувчилар кенгаши томонидан лойиҳага 54,0 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш масаласи тасдиқланди.

Лойиҳани амалга оширилиши натижасида Янгиқўрғон туманидаги 22 та қишлоқ аҳоли пунктлари ва Наманган шаҳрининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг ичимлик сув таъминоти даражаси 52 фоиздан
90 фоизга ошади.

“Жаҳон банки”нинг “Ўрта ва кичик шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш” дастури доирасида Чортоқ шаҳри ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 12,5 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида Арбағиш қишлоғида сув олиш иншооти ва 29 км магистрал тармоқ қуриш, Чортоқ шаҳридаги хизмат муддати тугаган 50 км ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш белгиланган. Ушбу ишларни амалга оширилиши натижасида Чортоқ шаҳридаги 58 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Анжуман давомида корхона мутахассислари Наманган вилоят “Сувоқава” ДУКнинг олдида турган ходимлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш, вилоятдаги институтларда мутахассислар тайёрлаш, уларда мухандислик-қурилиш фанларини кенгроқ ўқитиш, амалиётларни кўпроқ ўташ, ичимлик суви ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси ҳаражати улуши 62 фоизни ташкил этаётгани учун корхонанинг истеъмол қилаётган электр энергияси нархини кўриб чиқиш, меъёрдан ортиқ истеъмол учун ортиб борувчи коэффициент нарх сиёсатини қўллаш каби айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтишди. Келгусида бу борада ҳам ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилиши таъкидланди.

Зеро, она табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган сувдан оқилона фойдаланиб, беҳуда исроф бўлишига йўл қўймаслик, сувнинг қадрига етиш ҳар биримизнинг ўзимиз, оиламиз, юртимиз ва албатта келажак авлод олдидаги масъулиятли вазифамиздир.

 Дониёр Юсуфжонов.