Ўзбек йигитлари енгилтак қизларни севадими?
Сарлавҳани ўқиб жаҳлингиз чиқиши табиий. Аммо фикрларимни охиригача ўқисангиз, қўшиласиз.
Охирги пайтларда ўзбек қўшиқчиларининг клипларини кўриб, рости, асабим бузила бошлади. Аксарият севги ҳақидаги клипларда бош ролдаги қиз ўйноқи, тиржаяверади, нотаниш йигит (ахир ҳали танишиб улгуришмагандан кейин бош қаҳрамон йигит ҳам нотаниш бўлади-да)га қараб кулиб кетаверади, йигит эса изидан тушади, қиз ортига қараб-қараб қўяди, яна тиржаяди, йигит эса бундан энергия олиб яна ортидан қолмайди.
Клип якунида йигит ўша қизни севиб қолади. Энди сизга савол, ўзига гап отган нотаниш йигитга кулиб қараб қўйган, ҳадеганда ўша йигитга тиржаяверадиган, яна алламбало калта-култа кийиниб олган қизларни қандай аташ мумкин? Ҳеч замонда ақлли ўзбек қизи бегона йигитга тағин ўзига гап отса, кулиб қарамайди-ку! Қовоғини солиб, индамай ўтиб кетади ва ҳоказо.
Нима, қўшиқчиларимиз ёки клипмейкерларимизнинг савияси шунчалик пастми? Наҳотки улар ўзбек йигитлари бунақа енгилтак қизларни ҳеч қачон севиб қолишини тушунишмаса... Энг ёмони, аксарият клипларда шу манзара. Қиз ўзини реклама қилади, бу реклама эса йигитнинг эътиборини тортади ва муҳаббат туғилади. Бу муҳаббат эмас, ваҳоланки. Наҳотки ёш авлодга севги тушунчасини шунақа саёз етказиб берсак...
Яна бир жиддий эътироз. Клип аслида қўшиқда акс эттирилган ҳолатни ифодалаши керак. Бизда эса қўшиқ боғдан, клип тоғдан келади. Масалан, яқинда бир хонанданинг қўшиғини эшитдим, клипини ҳам кўрдим. Қўшиқда хонанда "Бевафо, нега ташлаб кетдинг, хиёнат қилдинг", деяпти. Клипда эса аёл фарзандини дунёга келтираётган пайтда оламдан ўтади. Қани бу ерда мантиқ? Қани бу ерда боғлиқлик?
Илтимос, ҳурматли санъаткорлар, клипмейкерлар, режессёлар ва энг муҳими ана шу тутуриқсиз клипларни тасдиқдан ўтказаётган бадиий кенгаш, клипларни телевизорда намойиш этишга рухсат бераётганда сал маънавиятга ҳам қаранг.
Манба: АниқУз.