"Барселона" ва "Реал" "Эл-Классико" куни стадионга оддий автобусларда йўл олишади
Эртага, 18 декабрь куни футбол оламидаги энг кутилган баҳслардан бири - "Барселона" - "Реал" учрашуви бўлиб ўтади.
Жамоалар баҳс ўтказиладиган кун стадионга битта меҳмонхонадан йўл олишади, дея хабар бермоқда Испаниянинг Sportes нашри. Маълумотларга кўра, бу ишлар жамоалар хавфсизлигини таъминлаш учун қилинмоқда, чунки шаҳарда Каталония мустақиллиги учун намойишлар ўтказиляпти.
Испан нашри маълумоти бўйича, ўйин куни Эрнесто Вальверде шогирдлари стадионга одатдагидек ташриф буюришмайди. Улар кун ярмида "Princesa Sofia" меҳмонхонасига йиғилиб, ўша ердан аренага йўл олишади. Меҳмонхонада икки клуб вакилларига бинонинг турли қисмларидан хоналар ажратилади.
"Реал" ҳам айнан шу меҳмонхонадан йўлга чиқади. "Princesa Sofia" отели "Камп Ноу"дан 600 метр узоқда жойлашган. Бундан ташқари, жамоалар стадионга клуб автобусларида эмас, оддий - ҳеч қандай ёзувлари бўлмаган автобусларда ташриф буюришади.
"Қироллик клуби" Каталонияга ўйин куни учиб боради, аммо футболчиларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаса, футболчилар самолётни тарк этмаслиги ҳақида маълум қилинди.
"Барселона" ҳамда "Реал" ўртасидаги ушбу баҳс аслида 26 октябрь куни ўтказилиши керак эди, бироқ Каталониядаги намойишлар туфайли ўйин 18 декабрга кўчирилди.