Бугун 15:15. Ўзбекистон U-23 - Жанубий Корея U-23
Бугун Таиланддаги U-23 Осиё чемпионатида 3-тур баҳслари давом эттирилади.
Любинко Друлович бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 3-турни Жанубий Кореяга қарши ўтказишади. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 15:15да бошланади. Учрашув Бангкок шаҳридаги "Таммасат" стадионида бўлиб ўтади.
ДАСТЛАБКИ ИККИ ТУРДАГИ НАТИЖА
Мусобақанинг 1-турида Ўзбекистон олимпиячилари Эрон билан ўйнашди. Ислом Қобилов биринчи тайм сўнггида Бобир Абдихолиқов ишлаган пенальтидан гол уриб, ҳисобни очди. Бунга форслар иккинчи тайм бошида жавоб беришди - 1:1. Иккинчи турда вакилларимиз Хитойни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди. Ислом Қобилов яна пенальтидан гол урди, иккинчи таймда Нурилло Тўхтасинов тўп киритди.
Жанубий Кореяга эса илк турни Хитойга қарши ўтказди. Қизиқарли ва ҳужумларга бой ўтган баҳс тақдирини биргина гол ҳал қилди. 90+3 дақиқада кореяликлар вакили Ли Донг Жун Хитой дарвозасини ишғол этишди ва ғалабани илиб кетишди - 1:0. Иккинчи турда Корея Эронни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Яна Ли Донг Жун ва Чо Кюн Сеонг гол уришганди. 6 очко тўплаган Жанубий Корея муддатдан аввал чорак финалга чиқиб бўлди.