November 28, 2019

Қонуний қарор билан адолатли қарорнинг фарқи борми ёки иккаласи бирми?

Жиноят-процессуал ҳуқуқида шундай олтин қоида бор: суднинг ҳукми 3 та талабга жавоб бериши керак, улар қонуний, адолатли ва асослантирилган бўлиши шарт.

Ҳукмнинг асослантирилгани тушунарли, судьялар ишончли ва текширилган далиллар асосида қарор чиқариши керак. Лекин шу ўринда савол туғилади, қонуний ва адолатли нега иккига бўлинган? Улар бир-биридан фарқ қиладими? Қонуний қарор адолатли қарор эмасми?

Йўқ! Ҳар қандай қонуний қарор ҳам адолатли бўла олмайди. Қонун қоғозда ёзилган гаплар билан ўлчанади, адолат эса инсоф, виждон, инсонпарварлик, иймон билан ўлчанади. Қонунда ҳужжатдаги ёзувларга қаралади, адолатда эса айни пайтдаги реал шароит, ҳолат ва вазиятга қаралади.

Бу борада устозларимиз шунақа мисол айтишарди:

Тасаввур қилинг, Сиз судьясиз ва қўлингизда 2 та жиноят иши бор.

Иккаласида ҳам 18 ёшли ўсмир жиноят содир этган.
Иккаласида ҳам ўғрилик бўлган.
Иккаласида ҳам дорихонани тунашган.
Иккаласида ҳам 2 млн. сўмлик дорилар ўғирланган.

Судланувчиларнинг ёши, жиноятнинг тури, ўғирлик жойи, миқдори бир хил.

Жиноят кодексининг 169-моддасида (Ўғрилик) ушбу ҳолатда бир неча хар хил жазолар белгиланган:
1) Энг кам иш хакининг 50 бараваригача микдорда жаримадан то 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Юқорида кўрсатилган жазолардан бирини берсангиз, қонундан чиқмаган бўласиз.

Қандай қарор чиқарасиз? Айталик, иккаласига ҳам 3 йилдан жазо берса, бўладими? Ёки 50 баравар жарима берасизми?

Бундай вазиятда адолатли қарор чиқариш учун қолган ҳолатларни ҳам синчиклаб ўрганиш керак.

Биринчи судланувчи гарчи 18 ёшга кирганига қарамасдан 5-бора ўғирлик содир этмоқда ва буни ўзига касб қилиб олган. Дорихонага киришидан мақсад, кассани ўмариш ёки қиммат дориларни ўғирлаб сотиш бўлган.

Иккинчи судланувчининг эса отаси эрта вафот этган, фақат онаси ва 5 яшар кичкина синглиси бор. Онаси қаттиқ бетоб бўлиб қолган, шифокорлар фалон дориларни олиб келсанг, онанг яшайди, йўқса ундан айрилиб қоласан, дейишган. Дорихонага ўғирликка киришидан мақсад, онасини қутқариб қолиш.

Хўш, эндичи? Қандай жазо берасиз? Иккаласига ҳам бир хилми?

Мана шу вазиятда Сиз иккаласи учун ҳам бир хил – айтайлик 2 йилга озодликдан маҳрум қилсангиз, ҳукмингиз қонуний, аммо адолатсиз ҳукм бўлади.

Ёки шу вазиятда иккинчи судланувчига 50 баравар жарима солсангиз ҳам ҳукмингиз қонуний, лекин адолатсиз бўлади. Сабаби бунақа пул унда йўқ, ўғирликка ҳам айнан пули йўқлиги учун қўл ўрган.

Бундай вазиятда иккинчи судланувчининг ҳолатидан келиб чиқиб, Кодексда назарда тутилмаган енгилроқ жазо тайинлаш ҳам мумкин. Бу ҳам қонуний, ҳам адолатли ҳукм бўлади.

Айримлар Жиноят кодексида нима учун жиноятларга аниқ, конкрет битта жазо белгиланмаган, енгилдан тортиб оғиригача бор, бу эса коррупцияни келтириб чиқаради, дейишади. Аммо бу фикрга қўшилмайман. Жазоларнинг конкрет эмаслигига асосий сабаб - адолатни таъминлаш! Чунки турли вазиятда турлича ҳолат бўлади, бундай ҳолатларни эса қоғоздаги қонун эмас, судьянинг адолати ҳал қилади.

Қиссадан ҳисса, ҳар қандай қонун ҳам адолат дегани эмас. Адолат қонунлардан анча устун.

Манба: Жиноят ишлари буйича Наманган вилоят судининг ахборот канали