December 24, 2019

Forbes Россияда йил тадбиркори ва йил компаниясини эълон қилди

Forbes’нинг Россияда чоп этилувчи версияси таҳририяти 15 та йўналиш бўйича 2019 йилда Россия бизнесидаги бош қаҳрамонларни маълум қилди.

Нашр йил тадбиркори сифатида “Онэксим” гуруҳи эгаси Михаил Прохоровни эътироф этган. 54 ёшли миллиардер жорий йил августида Alibaba Group асосчиларидан бири Жозеф Цайга “Бруклин Нетс” баскетбол клуби акциялари назорат пакетини 1,35 млрд долларга сотган. 2018 йилда Цай “Нетс”нинг 49 фоиз акциясини 1 млрд долларга сотиб олганди. Прохоров баскетбол клубининг 80 фоиз акцияси ва Barclays Center стадионининг 45 фоиз акциясини 2009 йилда девелопер Брюс Рэтнердан 223 млн долларга сотиб олган. Тадбиркор бугунги кунда 9,8 млрд долларлик бойлик билан дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингида 139-ўринни, Россия рейтингида эса 12-ўринни эгалламоқда.

Forbes “Лукойл”ни йил компанияси деб топган.

Нашр талқинига кўра, йил инвестори RTP Ventures венчур жамғармаси асосчиси Леонид Богуславский бўлди. У АҚШнинг Datadog компанияси IPO’сидан 600 млн доллар ишлаб олган.

Нашр “йил можароси” сифатида “Восточний” банкидаги баҳсни танлаган. Унинг оқибатида Baring Vostok жамғармаси асосчиси бўлган АҚШ фуқароси Майкл Калви уй қамоғига олинган. Калви 2,5 млрд рубллик мулкни ўғирлашда гумон қилинмоқда.

“Йил муросаси” сифатида россиялик миллиардер Олег Дерипасканинг унга қарашли En+ холдинги активларининг АҚШ санкциялари остидан чиқарилиши бўйича АҚШ молия вазирлиги билан келиша олгани эътироф этилган.

“Газпром”нинг янги акциядорлари “йил жумбоғи” деб топилган: жорий йилда компания номаълум харидорларга 326,8 млрд рубллик 6,5 фоиз акциясини сотган.