January 10, 2020

“Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!”

Наманган давлат университети Ижтимоий-иқтисодий факультетида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни” олдидан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида ҳарбий ватанпарварлик фестивали ўтказилди.

Фестивал Ички ишлар вазирлиги қарашли Қоровул қўшинлари бош бошқармаси 7552-ҳарбий қисм шахсий таркиби харбий хизматчилари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм тавсияномаси билан факультетга қабул қилинган талабалар ижросидаги ватанпарварлик, тинч, обод турмуш тараннум этилган куй-қўшиқлар ҳамда саф юришлари билан бошлаб берди.

Беш юздан ортиқ ёшларни бирлаштирган фестивалда ҳарбий қисм бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Х.Турғунов ва Ижтимоий-иқтисодий факультет декани Н.Дехкановлар сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, сарҳадларимиз дахлсизлиги, кўп миллатли халқимизнинг осуда, фаровон ва аҳил турмушини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлашди.

Фестиваль доирасида ташкил этилган ҳарбий қурол-аслаҳалар намойиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди, ҳарбийларнинг фахр-ифтихор туйғусини яна юксалтирди.

Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият, ўзгача шукуҳ улашди. Талабалар ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, ҳарбий хизматчилар кийимлари билан яқиндан танишди. Учрашув доирасида ҳарбий оркестр мусиқий чиқишлари, аскарларнинг саф юриши, қўл жанги кўргазмали намойишлари бўлиб ўтди.

Фестивалда иштирок этган ёшларнинг кўпчилигида ҳарбий бўлишга қизиқиш янада ошди.