Наманганда Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Наманганда Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона маркази фойдаланишга топширилди. Ушбу тадбирда Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди.
Тадбирни Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Бугун фойдаланишга топширилаётган кутубхона Наманган вилояти аҳолиси, китобхонлари ҳамда ёшлар учун энг севимли жойга айланди. Бу ерда масофадан туриб китоб ўқиш учун вилоятлар ҳамда ривожланган давлатлар кутубхоналари билан электрон китоб ўқиш имконияти ҳам яратилган. Ҳудудда юқори тезликдаги интернетга эга бўлган WI-FI зонаси мавжуд.
Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази бир вақтнинг ўзида 450 нафар китобхонга хизмат кўрсата олади. Бу ерда 573 минг китоб фонди бор. Шундан 200 мингга яқини бадиий асарлар, 5000 номдаги электрон китоблардир. Бундан ташқари 100 мингдан ортиқ журналлар, катта ададдаги газеталар ўтмиш солномалари сифатида ўқилмоқда. 1000 дан ортиқ нодир адабиётлар эса ниҳоятда қадрланиб мутолаа қилинади.
Реконструкциядан сўнг замонавий кўринишга эга бўлган бинода Bookcafe, янги адабиётларнинг кўргазмалар зали, медиа ва интернет зали, ҳорижий ёзувчилар асарларини ўқиб-ўрганиш учун Дўстлик ўқув зали, шунингдек, Ўзбекистон, ёшлар ва илмий заллар мавжуд. Ўқув маркази ҳамда болажонлар зали бежирим жиҳозланган. Нодирабегим залида бу ҳалқона шоиранинг ҳаёти ва ижоди, у яшаб ўтган даврдан ҳикоя қилувчи экспонатлар ҳам жойлаштирилди.
Бугун бу қутлуғ даргоҳни вилоят ҳокимлиги яна 60 минг дона китоб билан бойитди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан 50 млн. сўмлик энг сара адабиётлар совға қилинди.
Ушбу зиё масканига кирган кишининг кўзи қувониши, кўнгли тўлиши аниқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам мўътадил ҳаво китобхон учун, сақланаётган китоблар учун ҳам бирдай қулай. Кўп ёзмайлик, яхшиси Нодирабегим кутубхонасига бир келинг, унга ҳар куни келадиган бўлиб қоласиз.
Маълумот ўрнида Ахборот-кутубхона маркази реконструкцияси ва таъмирлаш ишлари учун Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари хисобидан 10 млрд. сўм ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 1,5 млрд. сўмга яқин ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.