Наманган шаҳридаги “мафия маҳалла” юзасидан шаҳар ҳокимлиги баёноти
“Наманганликлар” каналида “Наманган шаҳридаги ‘мафия’ маҳалла” деган видеолавҳа тарқатилди. Орадан кўп ўтмай блогер Шуҳрат Мусаев Наманганга махсус боришини маълум қилиб, шаҳардаги мазкур маҳалла аҳлини “зўравон тадбиркор”дан қутқаришга чоғланди.
Аслида ўзи нима бўлганди?
Наманган шаҳридаги “Саноат” маҳалласига кўчиб келган тадбиркор Хайрулло Нажмиддинов бу ерда харид қилинган ер майдонига уй-жой солиш, гулчилик билан шуғулланишни мақсад қилади. Ҳовлини кесиб ўтган ва аҳоли ҳамда фермер хўжаликлари фойдаланиб келган “Шонача” ариғи эгри ўзанини ўнглаб, лоток ўрнатади. Чиқиндихона бўлиб ётган ариқ атрофини тартибга келтириб, бетон қуяди, лоток бўйлаб гул экади. Бу ишлар учун 70 миллион сўмга яқин маблағ сарфлайди, ҳудуд учун белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлайди.
Бироқ орада девор-дармиён қўшнилар билан муроса қочиб қолади. Улар асосий дарвозалари бўла туриб, тадбиркорнинг уйи тарафдан қўшимча эшик очиш, лотокдаги сувдан хоҳлаганча тасарруф қилишга уринади. “Сизга қўшимча қувур орқали уйингизга сув олиб кириб берамиз, бу бировнинг уйи”, деган гап-сўзлар кор қилмайди. Салкам 5 йиллик можаронинг моҳияти шунда. Шу вақт мобайнида ёзилмаган, арз қилинмаган идора, жумладан, ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар қолмайди. Орада бу можарога ижтимоий тармоқлардаги маҳаллий каналлар ҳам аралашади ва Наманган шаҳридаги мафия маҳалла ҳақидаги шов-шувли лавҳа дунёга келади.
Биз билан суҳбатда тадбиркор унинг олдиган келган ижтимоий тармоқ вакиллари билан қўпол муомалада бўлганини тан олди ва буни 5 йиллик ёзди-чиздилардан зада бўлгани билан изоҳлади. Асабийлашгани, қуюшқондан чиққани учун узр сўради.
7 декабрь куни шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, шаҳар прокурори Мирзоҳид Тўйчиев ва шаҳар ИИБ бошлиғи Авазхон Хўжахонов маҳаллага келиб, фуқаролар билан учрашув ўтказди. Можарога сабаб бўлиб келаётган лоток устидаги тунука тўсиқ ва девор олиб ташланди. Тадбиркорга лоток бўйлаб тунука девор тортиш вазифаси юкланди ва бу амалга оширилди.
Шаҳар ҳокими келгусида маҳалладаги йўл ва сув муаммолари ҳал этилиши, маҳаллани ривожлантириш тегишли дастурларга киритилишини ваъда қилди. Энг асосийси маҳалладаги соғлом муҳият ва дўстона кайфият эканлигини таъкидлади. Мавжуд ечимга барча рози эканлиги ҳақидаги далолатнома шаҳар раҳбарлари, МФЙ раиси ва фуқаролар иштирокида имзоланди. Йиғилганлар дуо қилиб, вазиятни бартараф этилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Энди ушбу келишувларга қанчалик риоя этилиши томонларга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ. Шаҳар ҳокимлиги эса вазиятни ўз назоратига олади. Хуллас, шундай гаплар.
Мазкур келишувдан сўнг “Наманганликлар” канали “Ҳоким ва прокурор келди. Мафиялашиб кетган маҳалла муаммоси ҳал бўлдими?” деган ном остида яна бир лавҳа чиқарди ва муаммони ҳал этган қаҳрамонга айланди.
Айтганча, “мафия” сўзи энциклопедик луғатларда умумий тузилма ва ўзига хос қонун-қоидаларга эга, маълум бир ҳудудни тасарруф этувчи криминал гуруҳлар бирлашмасини англатади. Маҳалладаги ўзаро низо ва келишмовчиликни мафияга тенглаштирганларга бундай баландпарвоз сарлавҳаларни қўллашдан аввал сўзнинг моҳиятига эътибор беришни тавсия қилардик.
Наманган шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.