Деҳқон бозори билан боғлиқ масала бўйича туман ҳокимлигининг баёноти
"Ижтимоий тармоқларда тарқалган, Косонсой Деҳқон бозорида фаолият юритаётган 20 га яқин тадбиркор томдан чакка ўтишидан азият чекаётгани ҳақидаги иддаолар юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Ушбу мурожаат асосида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Қаюмов, туман “Деқҳон бозори” МЧЖ раҳбари А.Ҳамзаевлар ҳамда ишчи гуруҳ томонидан 2019 йил 25 ноябрь куни ҳолат ўрганиб чиқилди. Кўрсатиб ўтилган ҳудуд деҳқон бозори мева сабзавотлари растасида жойлашган. Ҳақиқатда тадбиркорлар томдан чакка ўтаётганидан азият чекишмоқда.
Ҳозирда ушбу муаммони ҳал этиш учун том қисмини таъмирлаш ишлари бошланиш арафасида турибди. Камчиликларни бартараф этишни амалга ошириш учун бозор маъмурияти ҳамда маҳаллий ҳокимлик томонидан жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар тадбиркорларни қийнаётган муаммо бартараф этилиши бўйича чора тадбирлар белгилаб олинди.
Косонсой тумани ҳокимлиги ўз фаолиятида туманда тадбиркорлар ва халқ розилиги ҳамда қонун талаблари ижроси таъминланишини устувор вазифа деб билади ва бунга асосан иш олиб боради. Тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини қонун доирасида ҳал этилишини изчил давом эттиради.
Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати