Эммануэль Макрон президент пенсиясидан воз кечди
21 декабрда 42 ёшини қаршилаган Франция президенти Эммануэль Макрон Францияда пенсия ислоҳотига қарши ўтаётган норозиликлар ортида президент сифатида унга белгиланган бўлғуси пенсиясидан воз кечди. Бу ҳақда Франция оммавий ахборот воситалари хабар берди.
“У ўз ваколати якунлангандан кейин қонунда белгиланган пенсияни олмайди, чунки бу соҳадаги қонун стандартлаштирилиши керак. Биз сайланган шахслар ўрнак бўладиган даврда яшамоқдамиз”, деб айтилган президент девонхонасида.
1955 йилги қонунга кўра, собиқ президентлар ойига 6220 евро миқдорида умрбод дотация оладилар.
Макрон, шунингдек, келажакда Франция конституциявий кенгашига аъзо бўлмасликка қарор қилди. Мамлакатнинг собиқ президентлари ушбу кенгашнинг умрбод аъзолари ҳисобланишади ва ойига 13,5 минг евродан ҳақ олишади.
Францияда пенсия ислоҳотлари лойиҳасига қарши намойишлар декабрь бошидан бери давом этмоқда. Улар ҳукумат баъзи ён босишларга борганидан кейин ҳам тўхтамаган. Жумладан, пенсияга чиқиш ёшини 62 ёшдан 64 ёшга 2027 йилдагина оширишга қарор қилинган.