Тартибсиз таклифлар...
Ёшлигимдан газетага, матбуотга бўлган муҳаббатим кучли эди. Ҳозир ҳам ўзгармаган. Ҳудди ўша ёшлигимдаги газета сотиладиган дўконлар сингари.
Ўша пайтда менда пайдо бўлган саволларга ҳалигача бир аниқ жавоб топмаганман.
Бу дўконлар тепасига катта қилиб Матбуот ёки газета ва журналлар деб ёзиб қўйилган. Лекин ичкарига назар ташласангиз газетадан кўра кўпроқ бошқа товарлар дўконни эгаллаган.
Замон ривожланди.
Ҳар соҳада, ҳар куни янгиликлар.
Фақат шу газета сотуви умуман газета маркетинги ҳали ҳамон ХХ асрда қолиб кетган.
Қолган давлатларда газета журналлар ҳатто энг оддий ва кам нусҳада чиқадигани ҳам ўз штрих кодларига эга бўлиб катта-катта супермаркетлар, дўконларга чиқишга улгурган. Бизда "Даракчи" ва бир нечта оммабоп газеталар яқин йиллардан буён энди бу йўлдан кетмоқда.
Лекин ўзбек матбуоти фақат "Даракчи" ва ҳомийси кучлироқ нашрлардан иборат эмаску. Қолган барча газеталар ҳам фақат обунадан умид қилиб ўтирмай ўз маркетингини йўлга қўйса бўлади назаримда.
Керак бўлса ҳар бир вилоятнинг барча таҳририятлари бирлашиб катта иш қилиб юборса бўлади.
Демоқчи бўлганим обуналар даври ўтиб бормоқда.
Битта обуна ташкил қилиш машаққатини журналистлар, айниқса хусусий нашрлар жуда яхши ҳис қилишади.
Обуна ўхшамаса дарров халқ бошида калтак синади.
"Одамлар газета ўқимай қўйди", "Одамларга маънавият керакмас" ва шунга ўхшаш таъна, дашномлар.
Йўқ.
Одамлар газета ўқийди. Фақат уларга газета олиб киришни улар безиб қолган, зериккан усулда эмас янгича қулайроқ йўналишда етказишни йўлга қўйиш керак.
Тўғри бу осон бўлмайди, натижа учун анча вақт кетиши ҳам мумкин. Лекин таваккал қилиб кўришдан ҳеч ким йўлимизни тўсиб тургани йўқ.
Янгича, замонавий газета дўконларини ташкил қилиб у ерда фақат газеталар сотувини йўлга қўйиш керак. Одамлар кирмайди, олмайди деб дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Шаҳарлардаги супермаркетлар, бозорлар билан ҳамкорликда алоҳида газета расталарини ташкил қилинса ҳам яхшигина ижобий натижаларга эришса бўлади. Бу қийин тан олиш керак. Аммо қийин, ўхшамайди деб ўтираверсак яна шундоқ ўтираверамиз. Йиллар ўтаверади.
Ташкилотларга ёмон кўриниб обуна дардида югуришда давом этаверамиз.
Бугунги кунда бутун дунёни забт этган Apple компанияси бирданига, ўз-ўзидан шу даражага етиб келмаганини "Стив Жобс" фильмини кўрганлар жуда яхши тушунадилар. Ҳар қандай мувафаққият ортида қанчадан-қанча машаққатлар туришини ва албатта ҳаражатсиз ҳаракат нолга тенг эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Жуда кўп ярмарка ва кўргазмалар ҳақида биламиз. Аммо ҳали ҳеч қаерда газеталар кўргазмаси, матбуот ярмаркаси деган нарсани ташкил этилганини эшитмаганмиз.
Хўш журналист, матбуот меҳнат қилмаяптими. Уларнинг қилган меҳнатини ана шундай кўргазмалар орқали ҳам халққа етказишни йўлга қўйиб, мунтазам ўтказиб боришни имкони йўқми.
Бор.
Фақат бундай ташаббусни аввал ўзимиз олиб чиқмасак. Ўзимиз бир бўлиб йўлга қўймасак бу соҳадан ташқаридаги бирорта инсон қилиб бермаса керак. Ҳозир интернет асри, веб сайтлар даври, у ерда ҳамма нарса бор. Улар газета, матбуотдан тезкор. Ким газета олиб ўқийди, деган иддаолар ҳам йўқ эмас. Бу бир ҳисобдан тўғри. Инкор қилиб бўлмайди.
Шундай гапларни эшитганимда Америка, Европа давлатлари, Россияда интернет ривожланмаганми деб савол бергим келади. Улар бу борада биздан анча илгарилаб кетган. Илгарилаб кетгану лекин газетага бўлган талаби озгина бўлса ҳам ўзгармаган. Бу ҳақда ортиқча гапириш шартмас.
Фақат бизда ҳозир матбуотни сақлаб қолиш учун ўша эски усуллардан фойдаланиш, кимларгадир қуллуқ қилиш, обуна деб елиб-югуриш даври тугамаган холос. Янгича йўналишлардан, маркетингдан фойдаланишга, таваккал қилишга қўрқиш ҳамон бор. Одамлар янгиликка ўч бўлади, қизиқади. Матбуотда ҳам ҳеч йўқ четдан андоза олиб бўлсада қандайдир янгиликлар қилинса ишонаманки бунга ҳам одамлар бефарқ қарамайди.
Чет элда газеталар худди футбол клублари сингари миллионерлар томонидан ҳомийликка олиниб, молиялаштириб борилади. Улар нафақат моддий тарафдан балки газета ва журналистларининг хавфсизлигини ҳам муҳофаза қилади. Бизда газеталарни қўйиб турайлик ҳали бирорта футбол клубимиз бундай даражага етиб чиқмаган.
Буни бир мисол тариқасида айтиб ўтдим. Яхши биламизки биз миллонерларга бундай таклифлар билан чиқа олмаймиз.
Лекин ҳукуматга, Олий Мажлисга, ОАВни қўллаб-қувватлашга қаратилган юқори ташкилотларга шунга яқинроқ таклифлар билан чиқиб кўриш фойдадан ҳоли бўлмасди.
Аввалига давлатнинг ёрдамисиз бундай лойиҳаларни амалга ошириш албатта мушкул. Аммо кейинчалик ўз йўлини топиб кетиши учун юқоридан озгина эътибор бўлиши керак.
Фикларим сўнггида "Бу бўлмаган ғоя", "Бизда емайди", "Калланг ишлайдими, ким қилади бу ишни, ким газета ўқийди", "Бошқа ишим йўқми" дея ёғилувчи саволларга ҳам тайёрман.
Ҳар ҳолда сузишни билмасам чўкиб кетмаслик учун хасга ҳам ёпишиб кўраман, қўлимни охиригача кўтариб ҳаракат қиламан. Ахир ҳали чиқмаган жондан осонгина умид узиш учун бу дунёга келмаганмиз...
Дониёр Юсуф.