Эл Класикодан кўра Роналдунинг голи чиройли чиқди
Кўпчиликнинг фикрича, жорий мавсум Криштиану Роналду формада эмаслиги ҳақида айтмоқда.
Бироқ португалиялик энди формага киряпти ва бу Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига яқин вақтда содир бўлмоқда. Роналду сўнгги 5та учрашувда 6та гол уришга муваффақ бўлди.
Кеча у "Сампдория" дарвозасига ўз услубида зарба бериб, "Юве"га ғалабани тақдим этди. DAZN ҳисоб-китоби бўйича, Криш 71 см баландликка сакраб, 2,56 метр юқоридаги тўпга зарба берибди.
Роналдунинг сакрашлари алоҳида санъат. Бу сакрашлар ҳақида хатто ҳужжатли фильмлар суратга олишган. Ronaldo: Tested to the limit (2011) видеосини кўрган бўлсангиз керак. У ерда биомеханика бўйича мутахассис Роналду 78 см баландликка сакраши мумкинлигини айтган. НБАнинг ўртамиёна ўйинчиси сакрай оладиган баландлик 71 см.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Роналду тиззасини йиғиб, оёғини сони остига кўтарар экан. "Бу оғирлик марказини вақтинча кўтариб туради ва у ҳавода муаллақ тургандек тасаввур уйғотади" - дейди олим. Бошқа экспертнинг фикрича, Роналду тана оғирлигини тўғри тақсимлайди. Унинг сўзларига кўра, бош билан зарба беришнинг идеал элементи - тўп остида иложи борича тананинг катта қисмини қолдириш.
Роналду ҳар доим ҳам бундай маҳсулдорлик кўрсатмаган. Криштиану "Манчестер Юнайтед"даги дастлабки икки мавсумида Алекс Фергюсон билан гаров ўйнаб, ютқазган: Улар 10та голдан баҳс бойлашган, Роналду дебют мавсумида 6та, кейингисида 9та гол урган. Португалиялик дастлабки 3та мавсумда бош билан бор-йўғи 3та гол урган. Ўша пайтлар МЮ ҳимоясида ўйнаган Гари Невиллнинг айтишича, ҳаммаси 2006 йил, Германиядаги жаҳон чемпионатидан сўнг ўзгарган: "Жисмоний жиҳатдан у йигитчадан эркакка айланди. Авваллари Роналдуда бундай куч йўқ эди, танага куч кирди ва ундаги энергия кўпайди".
Йиллар давомида Роналду бош билан зарба бериш устида ишлади. Криштиану Евро-2016 ярим финалида 76,2 см баландликка сакраб, Уэльс терма жамоаси дарвозасини ишғол қилган. У 2,61 метр баландликдаги тўпга зарба берган. Демак, унинг боши дарвоза тўсинидан 17 см тепада бўлган. 2013 йил Криштиану боши билан МЮ дарвозасини ишғол қилди ва ўшанда Алекс Фергюсон қуйидаги сўзларни айтган: "Роналдунинг тиззаси Эвранинг боши даражасидаги баландликда эди. Буни хатто Месси қила олмайди".