Сенат: Аксарият соҳа вакилларининг маоши кўтарилиши учун касаба уюшмалари жон жаҳди билан курашиши керак
Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди, дея хабар берди Сенат ахборот хизмати.
Сенат аъзолари ушбу Қонунни қизғин муҳокама қилди. Жумладан, сенатор Муҳаммаджон Мақсудов аксарият соҳа вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича Касаба уюшмалари жон-жаҳди билан курашиши, ана шу масалани ҳатто ҳукумат даражасига олиб чиқиши кераклигини билдирди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева эса ушбу масалага ўз муносабатини билдирди.
— Ходимлар қайси ташкилотда ишлашидан қатъи назар, у давлат идораси бўладими, нодавлат ташкилотми, хусусий мулкми, уй меҳнатида ишлаяптими – қанақа секторда ишлашидан қатъий назар, ана шу қонун қабул қилинганидан кейин уларни ҳимоя қилиш механизмларини аниқ, равшан ишлаб чиқишимиз керак бўлади, — деди у. — Чунки агар буни амалга оширмайдиган бўлсак, одамларда ҳақли савол туғилиши мумкин, айниқса, касаба уюшмаси аъзоларида, ‘Мен касаба уюшмаси аъзосиман, аъзолик бадалларимини тўлаяпман-у, нима учун тўлаётганлигимни билмайман ҳам’, деган савол туғилиши мумкин?