November 27, 2019

Зеленский ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш учун Москвага таклиф этилиши мумкин

Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленский Парижда бўладиган «Норманд тўртлиги» саммитида икки томонлама учрашув ўтказиши мумкин, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». Нашр уларнинг юзма-юз учрашиши эҳтимолини 100 фоизга яқин деб баҳолаган.

Германия, Россия, Украина ва Франция раҳбарлари 9 декабрь куни Парижда Украинанинг жануби-шарқидаги можароларни ҳал қилиш масаласини муҳокама қилиш учун йиғилади.

Хабарда айтилишича, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ Путин «учрашув катта фойда келтирмаса ҳам бунга яхши тайёргарлик кўриш керак», деб ҳисоблашини айтган. Шу сабабли Кремлда асосий эътибор «норманд» форматидаги жараёнларга тайёргарлик кўришга қаратилмоқда.

Шунингдек, қайд этилишича, Зеленский 2020 йилда ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш учун Москвага таклиф этилиши мумкин.

Бундан аввал Путин ва Зеленский 9 декабрь куни илк бор Парижда учрашиши ҳақида хабар берилган эди.