Судья халқ хизматида: 730 кун сарсон юрган онахон мақсадига етди
Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асарида “Холтоев”ни “Халтаев” деб ёзиб, Шўро замонида ўз исми шарифини тиклай олмай сарсон бўлган миллатдошимиз тақдири аччиқ кинояга олинган эди.
Икки йил. Икки 365 - етти юз ўттиз кун. Иш ҳақи табелларида исми ва шарифи нотўғри ёзилиб қолган инсон ҳар куни 24 соат давомида уч соат вақтини шу ишга сарф этса – 2190 соат. Икки минг бир юз тўқсон соатлик асабийлашув, умидсизлик, сарсонгарчилик... Тўрт нафар фарзандни вояга етказиб, икки нафар неварали онахонни кўз олдингизга келтиринг. Идорама-идора юриш машаққатини ўйлаб кўринг...
“Мен ушбу Ташаккурномани қувонч кўз ёшларим билан ёзяпман (Ташаккурнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига йўлланган), - дейди Салия Солиевна Тошматова. – 1982-2000 йилларда Норин туманидаги собиқ “Пахтакор” жамоа хўжалигида, Наманган “Атлас” комбинатида оддий ишчи, ип йигирувчи сифатида ишлаганман. Фамилиям нотўғри, исмим “Сома”, “С”, “Салима” деб нотўғри ёзилганлиги сабабли икки йилдан бери пенсияга чиқолмай қийналиб, сарсон бўлиб юрган эдим”.
Салия Тошматова Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига мурожаат қилганидан сўнг вазият ўзгаради.
Инсонни инсон ўрнида кўриш, унинг дарди-дунёсини ҳис қилиш ҳар бир расмий идора столида ўтирган инсоннинг қўлидан келавермайди. Чунки инсон тақдирини расмий равишда ҳужжат асосида кўриш мумкин ёки инсон тақдирини масъулият билан ҳал қилиш мумкин. Судья Акрамжон Акрамов қонунийлик принципи билан инсонпарварлик принципини уйғун ҳал қила билди.
Яна Ташаккурномага эътиборингизни қаратамиз: “Мен ҳозирги кунда осмонларга сиғмаяпман, мендан бахтли аёл йўқ!”
Андишани тишига қимтиган халқимизнинг яхши одати бор. Ўтган ишга салавот дейди. “Мен икки йил сарсон бўлдим, қанча асабим кетди, саломатлигимни йўқотдим”, деб ўтирмайди. Салавот айтади, дуо ўқийди. Онахонимиз ҳам шундай дуо қиладилар. Дуоларидаги соддалик, самимийлик бир қарашда ажаблантиради, бир қарашда кўзларимизга ёш қалқитади:
“Илоҳим, барчаларингиз дунё тургинча туринглар, ҳеч қачон касал бўлманглар. Болаларингизнинг роҳатини кўринглар, бир умр сизларни дуо қиламан. Мамлакатимизда оддий одамларнинг ҳам қадрига етадиган одил судлов борлигидан фахрланиб кетдим.
Президентимизнинг ҳам умрлари узоқ бўлсин, ҳар соҳада адолатни қарор топтираётганларига раҳматлар айтаман!”
Алибек Эргашев, журналист.