ЙЎЛСОЗЛАР ИШ БОШЛАДИ
Ижтимоий тармоқларда Тўрақўрғон-Мингбулоқ йўналишида олиб борилаётган йўллар таъмири ишлари тўхтаб қолгани, хусусан, Катта қўрғонча ва Яндама маҳаллаларидан ўтувчи қисмдаги йўллар транспорт ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига ниҳоятда яроқсиз ҳолга келтириб қўйилгани танқид остига олинган эди. Бу чиқишларда гарчанд юқорида номлари айтилган маҳаллалар номи тилга олинмаган бўлсада, видеолавҳа ва суратлардан айнан шу ҳудуд эканлиги ойдинлашди.
Ҳозиргина ушбу жойларда бўлдик. “Ровустон қурилиш сервис” МЧЖ томонидан ишлар бошлаб юборилибди. 30 та ишчи, 8 та қурилиш техникалари жалб этилган. Жамият раҳбари Собитжон Бозоралиевдан нега йўллар бу аҳволда ташлаб кетилганига изоҳ сўрадик.
- Бу йўналишда 18 километр йўлни таъмирлашимиз керак эди, ажратилган 10 миллиард сўм сарфланиб, 5 километрини топширгандик. Аммо, маблағ етарли бўлмай иш тўхтаб қолганди. Кеча 1,5 миллиард сўм олдик. Аввало, пиёдалар йўлакчасини, сўнгра автомобил йўлини текислаб, ўйдим-чуқурларни йўқотиб созлаймиз. Эртадан яна қўшимча техникалар жалб этилиб, шағал ташиш бошланади, лоток ариқлар ўрнатилади. Қисқаси, имкон қадар транспорт ва пиёдаларнинг қийналмай ҳаракатланишларига имкон яратамиз.
Тўрақўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати