November 23, 2019

ШРЕК ҲАЁТДА БЎЛГАН

Машҳур «Шрек» мультфильми яратувчиси Уильям Стейг ўз қаҳрамонини профессионал рестлер (курашчи) Морис Тийе прототипидан чизиб олган.

Морис Тийе 1903 йил 23 октябрда Россияда (Уралда) туғилган. Отаси муҳандис, онаси ўқитувчи эди.

Морис болалигида рисоладагидек кўринишга эга бўлган. Отаси ўша пайтда ўлиб кетди.

Инқилоб туфайли Тийе ва онаси Россияни тарк этиб, Францияга кетиб қолишди.

17 ёшида Тийенинг саломатлигида нуқсонлар кузатилди. Ноёб касаллик туфайли ташқи кўриниши беўхшов тус олди. Акромегалия оқибатида суяклари каттариб кетди, асосан, юз қисмида.

У ўсмирлигида регбининг моҳир ўйинчиси эди. Тулуза университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди, бироқ маълум вақтдан сўнг хасталик забтига олди ва овоз пайларига шикаст етди. Касаллик боис юридик фаолиятга боғлиқ режаларга нуқта қўйишга тўғри келди.

«Эҳтимол бундай юз кўринишим билан адвокат бўлардим, лекин овозим эшакнинг ҳанграшига ўхшайди, эшитишга тоқат йўқ. Мен ВМСга кирдим», деб интервью берганди ўшанда у.

Тенгдошлари Тиценинг устидан кулишган.

«Мени маймун дейишарди, бундан қаттиқ хафа бўлардим. Мазах қилишларидан қочиб кўпинча кемалар тўхтайдиган жойга борар ва сув бўйида вақтимни ўтказардим. У ердагиларга бесўнақайлигим ва қиёфам қандай бўлишининг фарқи йўқ эди...»

Тийе беш йил мобайнида ВМСда муҳандис бўлиб ишлади. Кейин Каролис Пожела билан танишгач, унинг даъватига кўра, рестлинг билан шуғулланди. Бир неча марта ғолибликни қўлга киритди. Уни «Француз фариштаси» дердилар.

Иккинчи жаҳон уруши туфайли 1939 йили АҚШга кетишга мажбур бўлди. Америкада ҳам рестлинг билан шуғулланди. Енгилмас деб ном чиқарди, бир неча карра жаҳон чемпиони бўлди.

1945 йилдан эътиборан Тийенинг соғлиғи ёмонлаша бошлади. Доимий бош оғриғи, ҳаддан зиёд толиқиш, кўришнинг заифлашуви забтига олди.

1954 йил 5 сентбрда Морис Тийенинг яқин дўсти ва промоутери Каролис Пожела саратондан вафот этди. Худди ўша куни яқин инсонидан айрилиққа чидай олмай Тийе ҳам ҳаётдан кўз юмди.

Икки дўст ёнма-ён дафн этилди.

Анвар Намозов