November 26, 2019

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи саёр қабул ўтказди

Жойларда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этиш бугунги кун раҳбарининг энг асосий вазифаларидан бирига айланди. Ана шу жиҳатдан, Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмаилов Мингбулоқ туманида сайёр қабул ўтказиб, аҳоли мурожаатларини тинглади. Тумандаги 40 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати эштилди. Шулардан 15 нафари ўз жойида бартараф этилган бўлса, 10 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 15 нафари эса назоратга олинди. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли. Шу билан бирга фуқароларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, муаммоларини ҳал этиш олий мақсад этиб белгиланган. Ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жойларда давлат идоралари раҳбарлари иштирокида учрашув-мулоқотлар, сайёр қабуллар ўтказилиб, самарали натижаларга эришилмоқда. Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Дилмурод Исмаилов Мингбулоқ туманида бўлиб, ҳудуд аҳолиси билан юзма-юз мулоқот олиб борди.

Уларни ўйлантириб келаётган кўплаб муаммоларига шу жойнинг ўзида ечим топилди. Тумандаги “Тўпсада” МФЙда яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Рўзимуҳаммад Низомовни қийнаб келаётган муоммолардан бири Табий газни хисобга олиш приборини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш эди. Мазкур масала туман Давлат хизматлари маркази орқали сайёр давлат хизмати кўрсатиш орқали амалга ошириладиган бўлди. Шунингдек, алмаштирлиладиган ускуна бепул ўрнатиб берилиши фуқарони мамнун этди.

Мурожаат ўз ўрнида ечимини топди

Бугунги кунда якка-ёлғиз, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар холидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу куни сайёр қабулда ижтимоий кўмакка муҳтож боқувчисини йўқотган Муборак Эгамбердиеванинг ҳам кўнгли анчайин таскин топди. Унинг ҳам муоммоси ўзининг ечимини топди. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунмиз. Биз каби кўмакка муҳтож оилалар холидан хабар олаётган мутасадди раҳбарларга раҳмат. Бугунги сайёр қабулда уй-жойимнинг кадастр масаласи ҳал этилди бундан жуда хурсандаман. Бугунги қабулда узоғим яқин, мушкулим осон бўлди дейди, онахон.

Таъкидлаш жоиз, бугун турли соҳаларда мавжуд камчиликлар рўй-рост айтилиб, уларнинг амалий ечими топилаётгани, халқ билан мулоқот олиб боришда очиқлик муҳити яратилгани, фуқароларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббусларини ўрганишда раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулияти кучайтирилаётгани айни муддао бўлмоқда. Албатта, жойларда ўтказилаётган бу каби сайёр қабуллар, учрашув-мулоқотлар фуқароларнинг бугунидан рози, эртанги кунга умид ва ишонч билан яшашида, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси матбуот хизмати