“Биринчи август”: тест синовлари, коррупция ва таълим ҳақида фильм
Режиссёр Абдувоҳид Ғаниевнинг “Биринчи август” фильми тез кунларда томошабинларга тақдим этилади. Премъера яқин экан, фильмни кўришга арзийдиган баъзи жиҳатларни қайд этиб ўтамиз:
Картина таълимдаги қинғирликлар, коррупция ҳақида атрофлича очиб берилган илк фильмдир.
Талабанинг олий таълим муассаси даргоҳига қўйган илк қадамидаёқ кўзбўямачилик ва адолатсизлик манзарасини кўриши, бунинг таъсири туфайли келгуси ҳаётида “Қуш уясида кўрганини қилади” қабилида иш тутиши мумкинлиги кўрсатилади.
“Тест синовлари ўйин бўлди” каби гапларни кўп эшитамиз, “паравоз”, “бункер”, “танка” каби жаргонлар эса анча оммалашган, “Биринчи август” бадиий фильмида ушбу жаргонлар киновоқеликка кўчади, тест жараёнларининг қай даражада ўйин бўлганлиги ва ўйиннинг тепасида турган одамлар фош қилинади.
Фильмда коррупция аралашмаган сюжет линияси ҳам бор: бу бош қаҳрамонлар Йигитали Мамажонов ва Феруза Юсупова ўртасидаги муҳаббат воқелиги.
Ушбу фильмда Йигитали Мамажоновни олий ўқув юртларига кириш тестларида "паравоз"лик қилган тестоман ролида кўрамиз.
Картинада болаликдан ўргатилган тўғри диний билим, шу билан параллел тарзда чет тилларини ўргатиб бориш ёш авлоднинг келгусида ҳалол, эътиқодли ва дунёқараши кенг бўлиб улғайишида муҳим ўрин тутиши акс этади.
Кинолойиҳа ижодкорларининг эътирофига кўра, бу фильмда кимнидир ёки қайсидир қатламни айбдор қилиш эмас, балки жамиятдаги шу иллатга бўлган лоқайлиги ҳамда коррупцияга йўл очиб берилган нотўғри механизм ҳақида ҳам фикр юритилади.
Фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан “Олов Нур Медиа” киностудияси томонидан суратга олинди. Кинокартинада актёрлардан бош ролларни Йигитали Мамажонов, Феруза Юсупова, Тоҳир Саидов, Райҳон Уласенова, Собир Отажонов, Муяссар Бердиқулова ва эпизодик ролларни Самарқанд вилояти театрларининг истеъдодли актёрлари ижро этган.