Наманган Президент мактаби: Орзулар ушаладиган, истаклар чекланмайдиган маскан
6 декабрь куни Наманган шаҳрида Президент мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни очиб берган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўз сўзида бугун наманганликлар учун том маънода буюк сана эканлигини таъкидлаб ўтди.
- Вилоятимизга ажойиб туҳфа, шаҳримиз кўркига яна бир чирой бўлиб мана шундай муҳташам, жаҳон андозаларини ўзида мужассам этган Президент мактаби бунёд бўлди. Давлатимиз раҳбарининг сизга бўлган чексиз меҳрлари, мустаҳкам ишончлари намунаси сифатида бугун мана шундай эзгу мақсадли даргоҳнинг очилиш маросимида тўпландик. Бу нафақат сизларнинг ҳаётингизда, балки бутун вилоятимиз тарихида энг улуғ ва қутлуғ кун бўлди.
Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган ёшлар орасида иқтидорли ўқувчиларимиз кўп. Президент мактабларида шундай иқтидорли ёшларни танлаш, уларга юқори малакали мутахассислар томонидан юқори сифатли таълим ва тарбия бериш, истеъдодли ўқувчиларимизни рағбатлантириш режалаштирилган.
Вилоятимиз миқёсида саккиз мингга яқин ўқувчи ёшлар Президент мактаби ўқувчиси бўлиш мақсадида имтиҳонлардан ўтган бўлсалар, улардан энг салоҳиятли, энг билимли, энг муносиб 144 нафари бугун шундай фахрли ном эгаси сифатида қаршимизда турибдилар. Бу сиз-у бизга қанчалик ифтихор бахш этаётган бўлса, шунчалик масъулият ҳиссини ҳам юклайди. Сиз бугундан эътиборан энг кучлилар ичида кучли, бахтлилар ичида бахтли бўлиб, шундай имкониятлар масканида таҳсил олишга киришмоқдасиз. Бу йўлда сизга буюк ғалабалар, катта марралар тилаб қоламан. Мамлакатимиз равнақини юксалтирадиган, вилоятимиз ифтихор этадиган, она халқимиз ишонадиган фарзандлар бўлишингизга ишонч билдираман, - деди вилоят раҳбари ўз сўзида.
Шундан сўнг, сўз олган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Сарвар Бобохўжаевлар Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизнинг энг иқтидорли ва билимли ёшлари учун бунёд этилган мактаб, том маънода юксак имкониятлар мактаби бўлиб қолишини таъкидладилар.
Ўқувчилар номидан сўз олган Жавоҳир Исаев ва Сарвиноз Ҳабибуллаевалар яратиб берилган шароит учун Давлатимиз раҳбарига ташаккур билдириб, ўз жавобларини илм-фан, ижод ва ихтирочиликдаги ютуқлари билан изҳор этишга ваъда бердилар.
Йиғилганлар тарихий жараёнга гувоҳ бўлдилар: Наманган шаҳридаги Президент мактабининг илк қўнғироғи жаранглади.
Шундан сўнг меҳмонлар мактаб фаолияти билан танишиб, ўқув жараёнларини кузатдилар.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Президент мактабда ўқув жараёни ҳам тубдан янги технологиялар асосида ташкил этилган. Ўқув жараёни Кембриж университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режалар ва дастурлар бўйича инглиз тилида амалга оширилади. Президент мактабларининг ташкил этилиши билан мамлакатимиз таълим тизимида “STEAM – таълим” энг кўп ишлатилаётган, моҳияти эндигина англашилаётган иборалардан бирига айланди. Мактабда худди шу дастур асосида “STEAM” фанлар – табиий фанлар, технология, техник ижодиёт, санъат, математика чуқурлаштириб ўргатилади. 10 нафар хорижлик мутахассислар ўқувчиларга дарс берадилар.
Муҳтарам Президентимиз сўзлари билан айтганда, “Президент мактаблари жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни – янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиради”.
Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.