January 6, 2020

Учинг! Кўпроқ учинг!!!

- Дачалар бор, дачалар!

- Неча пул?

- 5 миллион сўм, ака!

- Вой-вў, намунча?!

Ёзнинг жазирамасида Бўстонлиқ туманига - Чорвоқ томонга йўл олган борки, шундай манзара гувоҳи бўлган. Қорсиз қишдан қор истаб, Чимён томонга йўл олган борки, шу каби ҳолат нотаниш эмас.

Ана энди ўйлаб кўрайлик, энг арзон дача 1 миллион сўмдан бошланадиган, ичида бирор сервиси йўқ дам олиш керакми? Ё бирор отель, меҳмон уйи ёки хостелда дам олсангиз ҳам суткасига ўртача 1 миллиондан тўлашингиз керак бўлган дам олиш керакми сизга? Одатда бундай дам олишни пули борлар танлайди. Пули бору, ақли йўқ. Хафа бўлманг, кўзгу тутдим, холос.

Фалончисой деган дам олиш маскани роса шов-шув, дабдабаю асъаса билан очилди. Нархларга эътибор беринг: энг арзон коттеж суткасига 6 миллион сўм. Кабоб 100 минг сўм. Шакароб салат 30 минг сўм. Ҳудудга шунчаки кириш яна бир неча минг сўм. Керакми шу сизга?

Ёзда Чорвоқда юриб бўлмайди. Машиналар шаҳардагидан кўп. Ҳаммаёқ ифлос. Ҳамма кўчага чиқинди улоқтириш ва сувга бавл қилиш учун боргандек. Ит эгасини, мушук бекасини танимайди, хуллас. Керакми шу сизга?

Учмайдиган миллатмиз, деганида ҳақ эди бир блогер. Гап нафақат ЎҲЙнинг монополияси ва қиммат чипталарида, балки ўзимизда ҳам. Нега тоғда дам олиш учун сарфлайдиган миллионларимизни чет элга чиқиш учун сарфламаймиз? Чорвоқдаги дачада ёки дам олиш масканида бир ҳафта дам олиш учун ишлатадиган пулингизга Туркия ё Дубаига бориб келсангиз бўлади. Қишда Амирликларга, ёзда Туркияга бориш энг қулай. 400-500 долларга чипта оласиз ва уёқдаги харажатларингизни ўзингиз қўшиб олаверасиз. Масалан, Туркияда отеллар 25-30 долларга ҳам бор. Овқатланиш қиммат эмас. Амирликларда отеллар бироз қимматдир, бироқ қанчадан-қанча турфирмалар шунақанги қулай турпакетлар тақдим этишяптики...

Тайландда қайиққа чиқдик. Турли гўзал оролларга бориб, чўмилиб, балиқ овлаб, оқ қумларда ястаниб, табиатдан баҳра олдик. Кема капитани нима деди, биласизми? Ўзбекистонликлар бизнинг кемага биринчи бор чиқишяпти, деди. Айтяпман-ку, учмайдиган, саёҳат қилмайдиган миллатмиз, деб.

Хуллас, пулингиз борми, 10 миллион сўмга Чорвоқда ё Арнасойда эмас, Истанбул ёки Дубайда дам олинг, демоқчиман. Учинг! Чўчиманг. Чипта олинг, рюкзакни осволинг, самолётга ўтиринг-у 3 соатдан кейин ўзингиз учун янги дунёни кашф қилишни бошланг. Юрт кезинг, мусофир/сайёҳ бўлинг, мазза қилинг. Зора четга чиқиб дам оладиганлар кўпайиб, ўзимиздаги дачаларга талаб камайса ва нархлар тушса. Нореал нархларда, ахир!

Диққат! Ушбу пост пули бўла туриб, учиш ҳақида ўйлаб кўрмаганларга бағишланади.

Бобур Акмалов.