Пиротехника сотиш энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади
Янги йил байрами арафасида турли “пақиллаш” овозлари аҳоли тинчини бузишига ҳаммамиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ҳар йили пиротехника воситалари сотувчилар ва харидорларига қарши кураш олиб борилади. Бу йил сотувчилар ўз маҳсулотларини сотишда харидорларни интернет ва телергам каналлари орқали топишга ҳаракат қилаётгани ҳам кузатилмоқда.
– Яқинда Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари шундай ҳолатни аниқлаган эди, – дейди Давлат божхона қўмитасининг Ахборот хизмати ходими Ҳусан Тангриев. – Фуқаролардан бири пиротехника воситаларини пуллаш учун харидорни интернетдан жалб қилган. Телеграм мессенжеридаги ёзишмалар орқали 12 минг дона пақилдоқларни 3 миллион сўмга сотишга ўзаро келишилади. Бу келишувни амалга оширишга ўз вақтида чек қўйилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида 112 та божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди ва қиймати 4 миллиард сўмдан зиёд бўлган 1 миллион 320 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.
Яна бир гап. Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга олиб кириш ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қайд этиш керакки, пиротехника — ёнувчи ва портловчи хусусиятга эга ёки сигнал бериш учун ишлаб чиқариладиган техника воситасидир. Пиротехника мақсадига кўра ҳарбий, ихтисослашган ва кўнгилочар турларга бўлинади. Байрамларда асқотадиган кўнгилочар пиротехниканинг энг одмиси хлопушка ва бенгал шамчаларидир. Ўзбекистонда пиротехниканинг ҳар қандай тури маиший ишлатиш учун тақиқланади.
Одатда таркибида портловчи ва тез ёнувчан моддалар бўлган пиротехника воситаларидан хавфсизлик чоралари кўрилган холдагина байрам тадбирлари, спорт анжуманлари ва ҳарбий дала машғулотлари ўтказилишида фойдаланилади.
Афсуски, мазкур пиротехника воситаларидан байрамлар, айниқса янги йил арафасида шунчаки кўнгилочар восита сифатида фойдаланиш кўлами ортиб кетади. Бундан эса қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар мўмай даромад орттириш илинжида фойдаланишга уринаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Манба: ЎзА.