Мактабни ҳам битиришга улгурмаган президент...
Дунёда президентликка ўқитиладиган университет йўқ. Статистик маълумотларга кўра давлат раҳбарлари орасида энг кўп учрайдигани ҳуқуқшунослардир. Баъзи президентлар бир нечта мутахассисликка эга, баъзиларининг эса умуман маълумоти йўқ. Масалан, АҚШ 40-президенти Роналд Рейган қачонлардир актёр бўлган. Владимир Путин юридик факултетни битириб, КГБда ишлаган бўлса, Авраам Линколн ҳатто мактабни ҳам битиришга улгурмаган. Бошқа машҳур президентларнинг асл касбини биласизми?
Германия канцлери Ангела Меркел мутахассислиги бўйича физик. 1986 йилда у Карл Маркс номидаги Лейпциг университетида илмий иш ёқлаган.
Сурия президенти Башар Асад ёшлигида давлат арбоби бўлиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Дамашқдаги коллежни битиргач, тиббиёт факултетига ўқишга кириб, врач-офталмолог бўлиб етишди. Кейинчалик у ҳарбийликка қизиқди, сиёсатга аралашди.
Венесуэла президенти Николас Мадуро автобус ҳайдовчиси ва Каракас метроси ишчиларининг касаба уюшмаси аъзоси бўлган.
Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбаев Қарағанда металлургия заводида чўян қуювчи сифатида меҳнат қилган. Кейинчалик ана шу заводнинг партия қўмитаси котиблигига ўтиб, ундан кейин Қозоғистон коммунистик партиясининг марказий қўмитасида ишлай бошлаган.
Ирландия президенти Майкл Хиггинсни истеъдодли шоир сифатида яхши билишади. Унинг «Сотқинлик», «Ёнғин мавсуми», «Қурғоқчилик мавсуми» шеърий тўпламлари Европада жуда машҳур. Шунингдек, у телевизион ва бадиий филмларга сценарийлар ҳам ёзган.
1980-йилларнинг бошида Боливиянинг бўлажак раҳбари Эво Моралес мактабни ташлаб, армияда хизмат қилди. У ердан қайтгач, пул топиш учун кока плантациялари билан машҳур Чапаре тоғли районига йўл олди. Икки йилдан сўнг ана шу ўсимлик ишлаб чиқарувчиларининг касаба уюшмаси етакчисига айланди...
1975 йили Беларуснинг бўлажак президенти Александр Лукашенко Могилёв педагогика институтининг тарих факултетини тарих ва жамиятшунослик мутахассислиги бўйича тугатди. Кейинчалик Беларус қишлоқ хўжалиги академиясининг иқтисодиёт факултетини тамомлади.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов 1979 йили Туркманистон давлат тиббиёт институтининг стоматология факултетини тугатган. У тиббиёт фанлари доктори, профессордир. Меҳнат фаолиятини Ашхобод туманидаги қишлоқда тиш дўхтири бўлиб ишлашдан бошлаган Бердимуҳаммедов кейинчалик мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири, Туркманистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари вазифаларида ишлаган.