December 26, 2019

Наманган вилояти Ички ишлар органларида фаолият юритаётган бир гуруҳ ходимлар рағбатлантирилди

Наманган вилояти ИИБ мажлислар залида ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи иштирок этиб давлатимиз томонидан ички ишлар органлари ходимларига яратилаётган шароит ва имкониятлар, рағбат ва мукофотлар борасида сўз юритди. Шу билан бирга тизимда учраётган айрим камчилик ва хатоларни танқид қилиб керакли тавсия ва маслахатлар берди.

Йиғилиш давомида полковник Р.А.Хатамов ўз касбига садоқати ва ишига юксак даражада масъулияти туфайли хамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир неча ходимларни эътироф этиб муносиб тақдирлади.

Хизмат олиб бораётган ҳудудда айрим фуқаролар томонидан жиноятни яшириш мақсадида таклиф қилинган пора хақида ўз вақтида тегишли идораларга хабар бериб, коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олишда муносиб хизмат қилган Тўрақўрғон тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспектори лейтенант Бўстанов Ихтиёр Мўминали ўғли 1500000 сўм миқдорида, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори сержант Махмудов Обиджон Собитхон ўғли, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО учинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори сержант Чўлпонов Дилшод Шокиржановичлар эса 2000000 сўм миқдорида пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Йиғилиш якунида полковник Р.А.Хатамов садоқат билан сидқидилдан хизмат қилган ходимлар ҳамиша эътибор ва эътирофда бўлиши, шундай экан ҳар бир ходим шу юрт ва халқ учун жон фидо қилишга ҳамиша шай бўлмоғи лозимлиги, шундагина ҳар бир ходим нафақат ҳамкасблар орасида балки халқимиз орасида ҳам ишонч ва ҳурмат қозонишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати.