Мессенжерлардаги «Раҳмат», «Оk» каби кераксиз хабарлар экологияга зарар етказиши маълум қилинди
Мессенжерлар орқали жўнатиладиган кераксиз ва маънога эга бўлмаган хабарлар атроф-муҳитга зарар етказиши аниқланди. ОVO Energy компанияси томонидан амалга оширилган тадқиқот натижасида мазкур хавф ҳақида маълум қилинган.
Сўров натижаларига кўра, Буюк Британия аҳолисининг 72 фоизи уларнинг ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги ёзишмалари углерод оксиди газлари ишлаб чиқарилишига сабаб бўлишини билмайди. Углерод газлари маълум бир маҳсулотни ишлаб чиқаришда юзага келадиган зарарли газлар тўплами бўлиб, хабарлар жўнатиш жараёнида уларни етказиб берувчи серверлар ишлайди ва улар углерод оксиди газларини ишлаб чиқаради.
Компаниянинг ҳисоб-китобларига кўра, британияликлар ҳар йили «Раҳмат», «Олдим» «Оk» ёки «Лол» каби 64 миллионта кераксиз ва мазмунсиз хабар жўнатади.
Бунинг учун тахминан 23 475 тонна углерод кетади. Ташкилотнинг маълум қилишича, агар Буюк Британиянинг ҳар бир вояга етган кишиси кунига биттадан кераксиз хабар жўнатишдан тийилса, зарарли газлар миқдори йилига 16 433 тоннага камаяди. Тахминан шу миқдордаги углерод оксиди газлари Лондондан Мадридга учадиган 81 152 та рейс ёки 3 334 та ички ёнув двигателли автомобиль томонидан ишлаб чиқарилади.