Журналист ва блогерлар учун яхши янгилик!
Қадрли ҳамкасблар, ўз иқтидорингизни намойиш этинг!
Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ҳар бир куни мамлакатимизда сўз эркинлигини ҳаётга чуқур сингдириш билан кечмоқда. Бугун 2 декабрь куни Агентлик директорининг яна бир буйруғи – “MEDIA.UZ” журналист ва блогерлар анъанавий танловини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи чиқди.
Бу мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар фаолиятини рағбатлантиришни кўзда тутади. Энди ҳамкасбларимиз ранг-баранг материаллар устида ишлашлари, жамиятимиздаги аҳамиятли, шунингдек, теша тегмаган мавзуларни кўтариб чиқишлари керак бўлади.
Танловда иштирок этиш учун жорий йилнинг 2 февралидан 20 ноябрига қадар телевидение ва радиода намойиш этилган ва узатилган, интернет, веб-сайтга жойлаштирилган, матбуотда чоп этилган очерк, мақола, интервью, репортаж ва бошқа журналистик материалларни Агентликка тақдим этишлари мумкин.
Танлов ғолибларини тақдирлаш ҳар йили декабрь ойининг иккинчи ярмида “MEDIA.UZ” Ўзбекистон ОАВнинг Миллий форуми доирасида бўлади.
Энг муҳими, бу танлов анъанага айланади.
Форум доирасида “Ўзбекистонда масс-медиа: янгича қиёфа ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги республика конференцияси, “Масс-медиа кўргазмаси” ташкил этилади.