Вахшийлик қурбони бўлган норасида
Қазиқ-а... Одамзод салгина оғриб қолса, дард чекса дарҳол онасини эслайди... Ҳеч бўлмаса “Оҳ онажон” деб қўяди. Нега шундай...? Ахир оналарнинг хаммаси ҳам шифокор эмас-ку? Отасини, ака-укасини, опа-синглисини, ҳатто турмуш ўртоғини ҳам эмас, айнан онасини эслайди, чақиради!
Фариштадек беғубор, ҳали улғайиши ва жамият учун керакли шахс сифатида камол топиши мумкин бўлган, 13 ёшни қарши олган Самижоннинг фоний дунёдаги охирги сўзлари “Она, ёрдам беринг”-дея якун топди.
Инсон ўзида бор нарсаларни қадрлаш ўрнига, ўзига тегишли бўлмаган нарсалар ортидан югуради, натижада ўзида борини ҳам қўлдан чиқаради, ўзгалар ҳаётини хам барбод қилади. Абдунаби (исмлар ўзгартирилган) хам шундай инсонлар қаторида десак муболаға бўлмайди.
Абдунаби бирон-бир ижтимоий фойдали меҳнат билан билан шуғулланмасдан, ўзининг салбий ҳулқи сабабли оила аъзолари томонидан билдирилган танбеҳлардан тегишли хулоса чиқариш ўрнига жамият, оила, маҳалла ва одоб-аҳлоқ қоидаларига беписандлик билан муносабатда бўлиб, ўзибиларчиликда ҳаёт кечириб, доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, енгил табиатли аёллар билан айш-ишрат қилиб, дуч келган турар жойларда яшаб келган.
Унинг яқинлари уни тўғри йўлга бошлаб, яхши ниятлар ила Шарифага уйлантириб, яшашлари учун шароит яратиб беришди. Шарифа билан турмуши давомида 2 нафар фарзандли бўлган бўлсада, ўзининг маънавий бузуқ ҳаракатларини содир этишда давом этиб, фарзандларини моддий-маънавий кўмакка муҳтожлигини била туриб, ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, фарзандларини тарбиясига ва моддий эҳтиёжларига беписандлик билан қараган. Доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, оиласига ўзини аҳлоқан бузуқлигини намойиш этиб, турмуш ўртоғи билан арзимас сабабларни бахона қилиб жанжаллашиб, ота-онасини уйига хайдаб юборган. Ўзи эса енгил табиатли аёллар билан кун ўтказиб, турмуши ҳамда фарзандлари бўлган аёлларга хам хушомад қилиб, алдаб, уларни турмушидан ажратиб, ўзи билан бирга яшашига даъват қилиб келган.
Инсонийлик қиёфасини йўқотган Абдунаби ўзининг шаҳвоний хирсини қондириш мақсадида оилали, қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлган Муқаддам билан танишиб, унга хушомад қилиб, оиласи билан тинч яшаб келаётганлигини била туриб, уни ўзига оғдириб, оиласидан ажрашишни ҳамда бирга чиройли ҳаёт кечиришни ваъда қилган. Муқаддам Абдунабининг асл қиёфасини билмасдан, унинг қуруқ ваъдаларига ишониб, муқаддас дея аталмиш оиласини ташлаб, 2007 йилда туғилган фарзанди Самижонни олиб Россия давлатига кетиб, 2 йил давомида Росссиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшашган.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас дегандек, Абдунаби ўз “касби”ни давом эттириб, доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, айш-ишратдан кўнгил уза олмасдан Муқаддамдан қутилиш, бошқа аёл билан турмуш қуриш мақсадида доимий равишда жанжаллашиб келган. Шу орада, Рахима билан танишиб, унга хушомад қилиб, унинг оила аъзоларини алдаб, бўйдоқ юрганлиги, оиласидан ажрашганлигини айтиб, шаръий никоҳ асосида турмуш қуришга эришиб, унинг уйида вақтинчалик яшаб келган.
Рахима Абдунабининг бошқа аёллар билан юрганлигини сезиб қолиб, оила аъзолари билан Муқаддамнинг яшаш хонадонига бориб жанжал қилган вақтида, Абдунаби уларни алдаб, Муқаддам билан ўрталаридаги муносабатга чек қўйилганлигини билдириб, яширин равишда Муқаддамнинг уйига келиб-кетиб юрган.
Бироқ, Муқаддам бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг, Абдунабининг маънавий бузуқлигини, унга алданиб қолиб, оиласидан ажрашиб кетганлигини англаб, бошқа уйига келмасликни ва безовта қилмасликни сўраган. Бундан ғазабланган Абдунаби шубҳа қилиб, бир вақтнинг ўзида Муқаддам ва Рахималардан қутилиш ва бошқа аёллар билан ишқий муносабатда бўлишни мақсад қилган.
Ўз режасини амалга оширишни пухта ўйлаб, ғараз ва паст ниятларда, Муқаддамни узоқ вақт давомида азобланиб, қийналиши учун, умуман оилавий муносабатларига дахли бўлмаган вояга етмаган фарзанди Самижонни қасддан ўлдиришни, ҳамда келгусида ушбу жиноятни Рахима ва унинг оила аъзолари томонидан содир этилганлиги ҳақида сохта далиллар яратиб, шу йўл орқали ҳар иккаласидан қутилишни кўзлаган.
Режага асосан 5 август куни вояга етмаган Самижонни сувдан қурқишини, суза олмаслигини олдиндан билиб, уни алдов йўли билан Наманган шаҳар, Давлатобод МФЙ, 4-кичик туман ҳудудидаги “Шимолий Фарғона” канали яқинидан унга тарвуз сотиб олиб беришини, сўнгра уйга қайтишларини айтиб, олиб борган. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан, жиноий мақсадни амалга ошириш учун қулай фурсат келганлигидан фойдаланиб, Самижонни қўли билан кўтариб каналга отиб юборган. Ёрдам беришни сўраганига қарамасдан, сувда чўкишини кузатиб туриб, уни ўлганига ишонч хосил қилиш мақсадида канал атрофларини синчковлик билан қараб чиқган.
Содир этган жиноятини яшириш мақсадида Муқаддамга қўнғироқ қилиб, бироздан кейин уйига боришини билдириб, ходиса жойига Рахима ва унинг акаларини йўқолиб қолган фуқаролик паспортини қидириш бахонасида бошлаб келиб, сунъий далиллар хосил қилишга ҳаракат қилган.
Ўтказилган кўздан кечириш ва қидирув тадбирлари давомида 22 август куни Поп тумани, Туман МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган каналнинг чет қисмидан Самижонни мурдаси топилган.
Бундан ташқари Абдунаби 4 нафар фуқароларнинг 7.601.000 сўмлик мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Жиноятга эса жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида Абдунаби Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в” банди, 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан билан айбдор деб топилиб, унга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг дастлабки
2 йилини турмада ўтаттириш, шунингдек, жабрланувчининг қонуний вакилига моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланди.
Ачинарлиси, бир вахший инсоннинг маънавий бузуқлиги, айрим аёлларнинг қуруқ ваъдаларга учиши бегунох норасиданинг ўлимига олиб келди. Гуноҳкорлар энди виждон олдида қандай жавоб бериши ўзига аён.
А.Ғаппоров, Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси.
Манба: ЖИБ Наманган вилоят суди Ахборот хизмати.