Пабло Эскобар: қўштирноқ ичидаги “Буюк” “Жаноб”...
2-қисм
Жиноятлар ва зўравонликлар инсоният тарихида қора доғ бўлиб қолади, афсуски, бироқ ўша доғлар келажакнинг ҳам бир қисмидир. Жиноятчиларни жиноий амаллари баъзида инсонларни ҳайратга ёки ваҳимага солади. Жиноятлар ҳақида китоблар ёзилади ва фильмлар суратга олинади. Сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган йирик жиноятчи, наркобарон Пабло Эскобар ҳам тарихда ўзининг қора қилмишлари билан ном қолдирган.
Террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари
1980-йилларнинг ўрталарига келиб Роналд Реаган бошчилигидаги АҚШ маъмурияти наркотик моддаларнинг нафақат АҚШ, балки бутун дунёда тарқалаётганлигидан хавотир билдирди. Улар Колумбия раҳбариятидан кокаин савдоси билан шуғулланаётган жиноятчиларни АҚШ маъмуриятига беришни талаб қилдилар. Колумбия ҳукумати Эскообардан ва у бошқараётган наркокартел аъзоларидан таслим бўлишни талаб қилди. Наркомафия эса бунга жавобан “ЛОС ЭХТРАДИТАБЛЕС” деб аталувчи террорчилик ташкилоти тузди. 1985 йили террорчилар томонидан Колумбия Олий судининг биноси портлатиб юборилади. 3 нафар судя ҳалок бўлади. Эскобарнинг террористик гуруҳи томонидан 1989-йилда Колумбия президенти сайлови арафасида Президенликка номзодлар – Луис Cарло Галан, Олий суд раиси ва ички ишлар вазири ўлдирилади. Шу билан бирга, Меделин кокаин картелига рақобатчи Кали картели ўртасида ҳам кескин олишув содир бўлади. Ўзаро низолар натижасида кўп қурбонлар берилади. Ҳукумат томонидан мамлакатдаги кокаин плантатсиялари йўқ қилинаётган бир пайтда, террорчилар махфий полиция раҳбарига суиқасд уюштирадилар. Ҳужум натижасида 62 киши ҳалок бўлади, 100 дан ортиқ киши жароҳатланади. 1993 йил 30 январь куни Паблонинг одамлари томонидан Боготадаги китоб дўконларидан бирига бомба қўйилади. Портлаш натижасида 21 киши ҳалок бўлади.
Қидирув
Колумбия ҳукумати Эскобарни қўлга олиш учун мамлакат ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Ҳуго Мартинез бошчилигида “махсус гуруҳ” тузади. Қидирув ишлари натижасида Эскобар гуруҳидан бир неча киши қўлга олиниб, АҚШ маъмуриятига топширилади. Пабло келишувга эришиш йўлларини қидира бошлайди. Бунинг учун у бир қанча йирик ҳукумат амалдорларини гаровга олади ва уларни қўйиб юбориш эвазига ҳукуматдан унинг жиноятларини кечирилишни талаб қилади. Талабларнинг барчаси бажарилган тақдирда, Пабло баъзи майда жиноятларини тан олишга ва қамоқхонада ўтиришга ваъда беради.
“Ла Cатхедрал” қамоқхонаси
1991 йилда Пабло Эскобар Колумбия президенти Cесар Гавириа бошчилигидаги “ҳукуматга таслим бўлиши ва жазога розилиги”ни айтади. У ўзи қурган “Ла Cатхедрал” номли қамоқхонада ўтирган. Қамоқхона кўнгилочар мажмуага ўхшатиб қурилган бўлиб, Пабло истаган вақтида бу ерга келиб-кетиб юрган, жиноий ишларини давом эттираверган. Унинг бу ҳатти-ҳаракатларидан хабар топган давлат раҳбари Паблони ҳақиқий қамоқхонага ташлашни буюрган. 1992 йил 22 июлда Пабло қамоқдан қочиб, яширинади.
Қидирув блоки ва “Лос Пепес”
Эскобарни қўлга олиш учун тузилган “махсус гуруҳ”га қўшимча, унинг жиноятлари қурбони бўлган шахсларнинг яқинлари бирлашиб, “ЛОС ПЕПЕС” яъни «Персегуидос пор Пабло Эсcобар» — “Пабло Эскобарни таъқиб этувчилар” гуруҳини тузадилар. Гуруҳ аъзолари асосан, террористик актлар натижасида, шунингдек Паблонинг жиноий ишларига ҳомийлик қилишни истамагани учун ҳалок бўлган кишиларнинг яқинларидан ташкил топган эди. Улар бутун мамлакат бўйлаб Эскобарга тегишли уйларга ҳужум уюштириб, унинг бир қанча мол-мулкига зарар келтирадилар.
Ҳаётининг тугаши
Пабло Эскобар бир неча ой давомида яшириниб юришга мажбур бўлган. 1993 йилнинг 2 декабрь куни Эскобар хотинига қўнғироқ қилади. Суҳбатни “прослушка” қилаётган “махсус гуруҳ” ходимлари унинг турар жойини аниқлайдилар. Тез орада Эскобар яширинган кўп қаватли уй қуршаб олинади. Ҳарбийлар унинг уйига бостириб кирадилар. Уйда Пабло, унинг бир тансоқчиси ва икки нафар хизматкори бор эди. Паблонинг тансоқчиси Алваро де Жесус Агудело ҳарбийлар билан бўлган отишмада ҳалок бўлади. Хизматкорлар ойнадан пастга сакраб, қочиб кетаёганда полициячилар томонидан отиб ўлдирилади. Пабло Эскобарнинг ўзи бино томи орқали қочаётган вақтида, “махсус гуруҳ” снайпери унинг оёғига ўқ узади ва у ерга қулаб тушади. Яраланган ва ерда ётган Эскобарнинг бошига қарата снайпер томонидан яна иккита ўқ узилади. Баъзи манбаларда Эскобар ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги айтилади. Пабло Эскобарнинг вафотидан кейин Меделин кокаин картели бутунлай барҳам топди. Кўп ўтмай, 1990 йиллар ўрталарига келиб, унга рақобатчи Кали картели ҳам батамом йўқ қилинди.
Хайрия ишлари
Пабло Эскобар Колумбиядаги камбағал аҳолига ҳар доим ёрдам берган. Айниқса, болалар футболига қилган ҳомийлиги учун у халқнинг эътиборини қозонган. У ҳомийлик қилган Атлетико Наcионал футбол жамоаси 1989 йилги Жанубий Америка футбол чемпионати ғолиби бўлган. Мамлакат ғарбидаги энг йирик ҳисобланган Рим католик черковининг қурилишини ҳам Пабло Эскобар молиялаштирган.
Оиласи
Эскобар 1976 йили 15 яшар Мария Викторияга уйланган. Ундан икки фарзанди: (Хуан Пабло ва Мануела) бор. Эскобарнинг ўлимидан сўнг, унинг хотини ва фарзандлари Аргентинага кўчиб ўтишган. Шуни айтиш керакки, унинг ўғли Себастиан журналистларга берган интервюсида шундай деган: "Биз қочқин пайтида эканлигимизда, отам мен ва синглимни совуқдан асраш ва овқат тайёрлаб бериш учун нақд 2 миллион долларни гулханга ташлаган”.
Пабло Эскобарнинг шунча бойлиги бўлгани билан, ҳаёти бахтли бўлди, деб айтиб бўлмайди. Биз уни мақтамоқчи эмасмиз. Шунчаки Эскобарнинг ақлни шоширадиган бойлиги, жиноятлари ҳақида бироз маълумот бериб ўтдик холос. Аммо пул ва машҳурлик унга бахт ҳадя эта олмаганига тарихнинг ўзи гувоҳ.
Интернет материаллари асосида Дониёр Юсуф тайёрлади.