Жээнбеков Атамбоев ҳақида: “Унинг тақдирига бефарқ эмасман”
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 2019 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида собиқ президент ва партиядоши Алмазбек Атамбоевнинг ҳибсга олинишига тўхталиб ўтди.
Жээнбековнинг таъкидлашича, у Асқар Акаев ва Курманбек Бакиев тузумига қарши чиққан собиқ партиядошининг келгуси тақдирига бефарқ эмас.
“Бу осон эмас. Мен президент бўлгач унинг ҳамлаларига муносабат билдирмадим. Мен учун давлатнинг бутлиги муҳимроқдир. Ўзингиз баҳо беринг. Давлатни парчалашга, ҳокимиятни эгаллашга чақириқлар бўлганди. Мен унинг ўзи тўхтатишини кутдим. Бироқ Атамбоев ҳаммани жар ёқасига бошлади. Энди ҳаммасини қонун ҳал қилади. Бу масала менинг ваколатимга кирмайди. Биз барчасини иккимиз ҳал қилишимиз мумкин бўлган чегарадан ўтиб бўлинди”, деб айтган Қирғизистон президенти.
Жээнбековнинг таъкидлашича, у бир гуруҳ одамларнинг эмас, Қирғизистон халқининг манфаатларини ҳимоя қилади. У Худодан қўрқишини ва ҳалол ишлашга ҳаракат қилишини қўшимча қилган.
Ҳозирда Атамбоев бир нечта айбловлар бўйича тергов изоляторида сақланмоқда.