Пабло Эскобар: қўштирноқ ичидаги “буюк” “Жаноб”...
1-қисм.
Жиноятлар ва зўравонликлар инсоният тарихида қора доғ бўлиб қолади, афсуски, бироқ ўша доғлар келажакнинг ҳам бир қисмидир. Жиноятчиларни жиноий амаллари баъзида инсонларни ҳайратга ёки ваҳимага солади. Жиноятлар ҳақида китоблар ёзилади ва фильмлар суратга олинади. Сизларга ҳикоя қилмоқчи бўлган йирик жиноятчи, наркобарон Пабло Эскобар ҳам тарихда ўзининг қора қилмишлари билан ном қолдирган.
Пабло Эмилио Эсcобар Гавириа 1949 йил 1 декабрда Колумбиянинг Антокия Департаментига кирувчи Рионегро шаҳарчасида фермер Хесус Эсcобар ва ўқитувчи Ҳермилда Гавириа оиласида туғилган.
Оиладаги еттита фарзанддан учинчиси эди. Мактаб ва ўқишга деярли қизиқмаган, кўп вақти кўчада, Меделин шаҳрининг хилват маҳаллаларида ўтган. Машҳур йирик наркобарон, қотил, террорчи, ўғри, сиёсатчи ва миллиардер. Гиёҳванд моддалар савдосидан бойиб, тарихга “Кокаин қироли” номи билан кирган.
"Форбес" журналининг 1989 йилги сонида Эскобарнинг бойлиги 9 миллиард доллардан зиёд эканлиги айтилган. Бошқа манбаларда эса, унинг умумий бойлиги 30 миллиард доллардан ортиқ эканлиги ва АҚШдаги 80 фоиз кокаинни айнан Эскобар “ишлаб чиқараётганлиги” айтилган.
Пабло Эскобарнинг номи нафақат Колумбияда, балки бутун дунёда таниқли эди. У айниқса, аҳолининг камбағал қисми, бекорчи ва кўчабезорилари орасида машҳур бўлган. “Доктор”, “Жаноб”, “Руҳоний”, “Сеҳргар”, “Подшоҳ” каби лақабларга эга бўлган.
Жиноят оламига кириб келиши
Дастлаб Пабло қабрлар устидаги мармар тошларни ўғирлаб, улардаги ёзувларини ўчирган ва панамалик чайқовчиларга пуллаган. Кейинроқ тамаки, кўкнори, қалбаки лотереялар савдоси ва машина ўғирлаш билан ҳам шуғулланган. Ўғрилик ва ноқонуний савдодан камида миллион доллар ишлаб топган. Бу ишларда Пабло Меделлиндаги ўз даврининг таниқли жиноий “авторитет”ларидан Бернал Агуирро ва Алваро Прието билан ҳамкорлик қилади. Бу орада атрофига кўплаб йигитларни йиғиб, уюшган жиноий гуруҳ тузган. 1971-йили Паблонинг одамлари томонидан Меделлиндаги бой саноатчи Диего Эчаварриа Мисас ўғирлаб кетилади. Пабло уни озод қилиш эвазига катта тадбиркорнинг оила аъзоларидан пул талаб қилади, бироқ омадсизлик туфайли бу режа амалга ошмай, жиноятчилар Мисасни ўлдиришга мажбур бўлишади. Пабло бу воқеа ҳақида бутун шаҳарга очиқчасига маълум қилади. Паблонинг бу иши учун унга шаҳарликлар “Доктор” деб лақаб қўядилар. Бу вақтда Пабло ҳали 21 ёшда эди.
Кокаин картели
Паблонинг одамлари сафи мунтазам кенгайиб у энди гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғуллана бошлади. 1978-йилнинг ўрталарида Эскобар ва бир неча ҳамтовоқлари Еквадордан Меделлинга қайтаётганларида қўлга тушадилар. Уларнинг ёнидан 39 килограмм миқдордаги кокаин топилади. Пабло полиция ва судяларга пора таклиф қилади, аммо кутилган натижага эришолмайди. Унинг устидан “иш” очилиб, суд қилинади ва қамоқда ўтиришга мажбур бўлади. Бироқ, Пабло бир неча полициячини ўлдириб, қамоқдан қочишга эришади ва кейинчалик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан қўрқитиш, пора бериш орқали “гаплашадиган” бўлади.
Пабло ва унинг акаси Роберто Эскобар гиёҳванд модданинг янги тури - кокаин бизнесини ташкил этдилар. Ака-укалар бир неча марта Перуга боришган ва у ердан кокаин тайёрлаш учун оз миқдорда аралашма олиб келишган. Бу аралашмадан ишлаб чиқарилган кокаин жуда тез оммалашди ва Пабло уни тарқатишни бутун мамлакат бўйлаб амалга ошира бошлади. Наркотрафик 1970 йилларда АҚШда кенг тарқалган эди. Гиёҳвандлар асосан марихуанага ўрганиб қолишган ва уни топиш жуда қийин бўлиб қолганди. Колумбияда эса, кокаин савдоси энди ривожланаётганди.
1975-йилдан бошлаб Паблонинг ташаббуси билан кокаин етиштириладиган плантациялар ва уни қайта ишлайдиган лабораториялар ташкил топа бошлади. Кокаин дастлаб бутун Колумбия ҳудудида тезлик билан тарқалди. Пабло ва унинг жиноий шериклари кўплаб кокаинни Америка мамлакатларига тарқалиши (контробанда)ни йўлга қўядилар: 2-3 йил ичида Колумбиядан Панама, Гватемала ва Мексика орқали АҚШга кокаин жўнатиладиган “махсус йўл” ташкил топди. 1977 йилда Пабло уч нафар гивоҳфуруш ҳамтовоқлари билан “Меделин кокаин картели” номли йирик жиноий ташкилотга асос солади.
Бу ташкилот кокаин ишлаб чиқариш ва тарқатиш борасида дунёда тенги йўқ эди. "Меделлин кокаин картели" кун сайин ривожланиб борди. Пабло Эскобар ушбу картелнинг раҳбари ўлароқ, “кокаин қироли” бўлди. Картел ихтиёрида 6 та вертолёт, 15 та юк ташиш учун самолёт, кемалар, жуда катта миқдорда қурол-яроғ, ҳатто сувости кемаси бор эди. Кокаин партияси, асосан Техас ва Флорида штатларига етказиб берилар ва бутун мамлакат бўйлаб тарқатиларди. Тез орада Паблонинг шериклари Cарлос Леҳдер ва Роберт Весcо Багама оролларидан бирида “Норманʼс Cай” деб номланган оролчани сотиб оладилар ва уни наркотик моддалар транспортировка қилинадиган базага айлантирадилар. Оролда кокаин сақланадиган махсус омборлар, ишчилар учун турар жойлар, шунингдек, меҳмонхоналар, кафелар ва бошқа объектлар қурилади. Паблонинг ўз ихтиёрида эса, 7 квадрат километр майдонга эга бўлган “Хаcиенда Наполес” номли йирик мажмуа бўлиб, унда турар жой, омборхоналар, ҳайвонот боғи бор эди. 1980-йилларнинг ўрталарида Эcкобар томонидан АҚШга ҳар куни 90 тоннагача кокаин реактив самолётлар ва кемалар орқали етказиб берилар эди. Кокаин асосан балиқ ва шунга ўхшаш “маскировкалар” билан беркитилган. Паблонинг кокаин бизнеси ҳақида унинг акаси ва яқин ёрдамчиси Роберто Эсобар шундай деган:
- Меделлин кокаин картели томонидан 1980-йилда биргина АҚШга ҳар куни 15 тоннадан зиёд, яъни қиймати ярим миллиард доллардан ҳам ортиқ кокаин “экспорт” қилинарди. Шунинг учун ҳам Пабло қисқа муддат ичида дунёнинг энг бадавлат кишиларидан бирига айланди.
Сиёсий фаолияти
Колумбияда илдиз отган коррупция Эскобарнинг кокаин бизнеси ривожланишига жуда кенг йўл очиб берганди. Пабло ҳукумат билан “кумуш ёки қалай”, яъни “пулни олиб жим бўл ёки ҳаётинг билан видолаш!” принсипи асосида ишларди. Юзлаб оддий фуқаролар, прокурор, полициячилар шу принсип туфайли ҳалок бўлганлар, айримлари пора эвазига сотилиб кетган. Пабло кокаин бизнеси ривожи ҳақида шундай деган:
Бир одамга пора берасан, яна бир одамга пора берасан, сўнг улар орқали пулингни қайтариб олаверасан...
1982-йилда 32 ёшли Пабло Эскобар Колумбия Либерал партиясининг аъзоси бўлди. У мамлакат парламенти – Вакиллар Палатасига депутатликка сайланди. Энди у мамлакат раҳбари бўлишни ният қила бошлади. Бироқ, у бу йўлда йирик тўсиққа учраган.
Колумбияда президентлик сайловлари бошланишидан аввал Колумбия Адлия вазири Родриго Лара Бонилла “жиноий фаолиятдан келган даромадларни сайловга аралаштирмаслик” учун наркотрафикка қарши кампания бошлаб юборди. Ниҳоят, 1984-йилда вазирнинг ҳаракатлари билан Эскобар парламентдан қувилган ва президент лавозимига номзодлар рўйхатидан ўчирилган. Бунинг учун наркобарон вазирдан ўч олган: унинг машинасини оттириб ташлаган, вазир эса жойнинг ўзида вафот этган.
Давоми бор.
Интернет материаллари асосида Дониёр Юсуф тайёрлади.