December 27, 2019

ТАВБАСИГА ТАЯНГАН ҚИМОРБОЗ

Қимор ўйини шариатда ҳаром саналган. Қонунларимизда ҳам унга қарши жазо чоралари мавжуд. Сабаби, қиморбоз пул тикиб нопок ишга бел боғларкан, ютқазадиган бўлса қалбидан алам ўтади. Болалари, оиласининг ризқини қийиб шундай йўл тутгани учун ўкинади. Кўпинча пулини ютиб олган қиморбозга нисбатан ютқазган кимсада адоват пайдо бўлади. Пулини қайта ютиб олиш учун кимлардандир қарз кўтариши ҳам мумкин. Жамиятимиз, атрофдаги инсонлар учун аксарият ҳолларда катта қарздор бўлиб қолган қиморбозданда хавфли кимса бўлмайди. У йўқотган пулининг ўрнини қоплаш учун ҳеч иккиланмай ўғирлик, талончилик ва бошқа оғир турдаги жиноятлар ҳам содир этиш хавфи бўлади. “Молнинг оласи ичида, одамники ташқарисида” дейдиларку...

Мана шу оддий ҳақиқатнинг тагига етмаган Наманган шаҳрилик Носир Солиев (исм-шарифи шартли) яшаш хонадонининг меҳмонхонасида карта воситасидаги қимор ўйинига шароит яратиб берган.

Бундан ўз вақтида хабар топган ИИБ ходимлари олиб борган тезкор чора-тадбир натижасида қиморбозлар воқеа жойида қўлга олинди. Улар чордона қурган жой ўртасида сочилиб ётган пуллар миқдори 1 миллион 881 минг сўм экан. Шунингдек, тўрт нафар қиморбозлардан 4 қути карта доналари ҳам текшириб кўришлик учун олинди.

“Сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, дейдилар. Эндиликда эл ичида обрўси бир пул бўлган Носир Солиев уч йил давомида озодликни чеклаш жазосини ўтайди.

Адҳамхўжа Исмоилов, Наманган вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори.

Элъдор Исамов, Наманган шаҳар прокуратураси катта терговчиси.