December 5, 2019

Вилоят ҳокими Бозоров Мингбулоқ туманида кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг муаммоларини ўрганди

Мингбулоқ тумани Довдуқ маҳалласида ўтказилган бугунги сайёр қабулдан сўнг вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Жомашўй шаҳарчасидаги Ойбек маҳалласида жойлашган икки қаватли уйлардаги шароитлар билан танишди ва муаммоларни ўрганди.

Бу ҳудудда жойлашган уйларда яшовчилар билан мулоқот чоғида, газ, сув, электр таъминоти ва канализация билан боғлиқ муаммолар, шунингдек уйларнинг ташқи фасади ҳамда томларининг ночор ҳолатга келиб қолгани, ободонлаштириш ҳолати танқидий муҳокама қилинди.

Кўплаб хонадонларнинг эгалари вилоят ҳокимининг кутилмаган ташрифидан аввал бироз ўзларини йўқотгандай бўлишди, кейин эса бирма бир мавжуд муаммолар бўйича самимий суҳбатга ўтишди.

Вилоятда бугунги кунда капитал таъмирланмаган атиги 31 та кўп қаватли уй қолганини, шундан катта қисми – 16 таси Мингбулоқ туманида эканини қайд этган Хайрулло Бозоров, ўрганиш жараёнида иштирок этган вилоят ва туман мутасаддиларига барча уйларда мавжуд муаммоларни ҳамда қилиниши лозим бўлган ишларни бирма-бир аниқлашни кўрсатма берди.

“Аввал қиладиган ишларни тезкорлик билан белгилаб олишимиз керак. Коммунал таъминотни тўла йўлга қўйишимиз лозим бўлади. Биноларни таъмирлаш ишларини уй-жой мулкдорларининг ширкати ҳамда хонадон эгалари билан биргаликда ҳал қиламиз” деди вилоят ҳокими.

Манба: Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.