December 7, 2019

“Ўзагросуғурта“ дунёнинг энг йирик суғурта компанияси билан меморандум имзолади

“Ўзагросуғурта“ АЖ Бошқарув раиси С.Отамуратов Пекин шаҳрида Хитой Халқ суғурта компанияси вице-президенти Шен Донг ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун мавжуд имкониятлар муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоизки, музокаралар давомида томонлар инвестиция, қайта суғурталаш ва кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилиш юзасидан келишиб олди. Учрашув якунида ҳамкорлик ва қайта суғурта соҳасида меморандум имзоланди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Жамият томонидан халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дунёнинг кўплаб нуфузли суғурта ташкилотлари вакиллари билан Тошкентда ҳамкорлик юзасидан учрашувлар бўлиб ўтди. Жумладан, жорий йилнинг 6-9 ноябрь кунлари Тошкентда Буюк Британия, АҚШ, Россия, Германия, Хитой, Украина давлатларидан келган суғурта соҳасининг етакчи экспертлари иштирокида “Замонавий Ўзбекистон суғурта бозори” номли халқаро конференция ўтказилди. Бунинг самараси ўлароқ, бир қатор ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Хитой Халқ суғурта компанияси қитъамиздаги энг обрўли ва узоқ вақтдан бери фаолият юритаётган суғурта компаниясидир. Унинг йиллик суғурта мукофотлари тушуми 388 миллиард юан (57 миллиард АҚШ доллари) бўлиб, нуфузи жиҳатдан дунёда 3-ўринда туради.

Ушбу ҳамкорлик Меморандуми имзоланишига қадар, жорий йилнинг 13 ноябрь куни “Ўзагросуғурта“ АЖ Бошқаруви раиси Хитой Халқ суғурта компанияси Бош менежери Ҳе Ван Лун хоним бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.

“Ўзагросуғурта“ АЖ Ахборот хизмати.