Ота дийдори
2019 йил май ойининг 29 куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг биносида очиқ суд мажлиси бўлиб, судланувчилар Аҳрор Алиев ва Назир Бадаловларнинг гиёҳвандлик моддаларини сақлаб келганлиги ҳамда сотганликда айбдор деб топилдилар.
Судланувчи Аҳрор Алиев муқаддам 2000 – 2013 йиллар оралиғида беш марта судланган ва икки йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Бу сафарги олтинчи мартасида 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Назир Бадалов эса 2005 – 2007 йилларда аввал икки йил ахлоқ тузатиш, сўнгра 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. Ўн йил муддатдан 4 йил 11 ой 14 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Судланувчи Назир Бадаловга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, у айбли деб топилган модда санкциясида назарда тутилган енгилроқ озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим топди.
Иккала судланувчини гиёҳвандликка қарши мажбурий даволатиш ҳам тайинланган.
Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий нуқтаи назардан икки отага инсоф тилаб ваъз айтайликми ёки уларнинг ҳали вояга етмаган норасидаларини ибратли сўз билан тарбияларига таъсир этайликми?
Албатта, сиз ҳам иккинчи йўл тарафдорисиз. Хуллас, ривоятни эшитинг, бир ичувчи отанинг икки ўғли бўлган экан. Икки ўғил вояга етгунча бошлари эгик, кўпчиликнинг ичида мулзам ҳолда улғайишибди. Биринчи ўғил ичувчи бўлиб, ҳатто қамалибди ҳам. Иккинчи ўғил эса катта тадбиркор бўлиб, хусусий фирмага эга бўлибди. Бу ҳолатга қизиқиб қолган журналист икки ўғилдан интерьвю олиб кўрай-чи, деб, аввал катта ўғилнинг олдига борибди. Сўровга жуда қисқа жавоб олибди:
-Афсуски, Отамни танийсиз, яна нима ҳам қила олардим.
Иккинчи ўғил ўз фирмасининг шинам қабулхонасида назокат билан кутиб олибди. Сўровга у ҳам жуда қисқа жавоб қайтарибди:
-Афсуски, Отамни танийсиз, яна нима ҳам қила олардим.
Афсуски, биз ҳам нима қила олар эдик. Ҳар ким ўз ҳаётини яшаб ўтади.
Ҳеч ким биров учун яшаб бера олмайди. Бу икки судланувчининг норасида болалари сизни кутмайди, сиз тиллодан тахт олиб борсангиз ҳам ўтирмайди. Уларга ота дийдори керак!
Нодира Отақўзиева, Наманган шаҳар прокурорининг ёрдамчиси, 1-даражали юрист.