November 27, 2019

Россияда ҳуқуқ эгалари Telegram’даги ноқонуний электрон китоблар юкланган каналлар устидан АҚШга арз қилиш билан таҳдид қилди

Россиялик ҳуқуқ эгалари Telegram мессенжеридаги каналларга аудио китобларнинг ноқонуний тарзда юкланаётганидан норозилик билдирди, деб хабар бермоқда «Kommersant.ru».

Ҳуқуқ эгаларининг маълумотларига кўра, мессенжерда аудио китобларни ўғирлаб юклаётган ва бир неча миллион кишилик аудиторияга эга 170 дан ортиқ канал бор.

Интернетда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ассоциация Telegram раҳбариятига ушбу масала бўйича шикоят йўллаган.

Ташкилот китобларни муаллиф рухсатисиз эълон қилишга қарши курашиш учун «рақамли бармоқ изи» технологиясини жорий этишни талаб қилмоқда.

Telegram’нинг 2020 йилнинг баҳорида ишга туширишни режалаштираётган TON рақамли валютаси «сохта контентни аноним тарзда монетизация қилиш учун идеал восита бўлади», дейилади ташкилотнинг Telegram раҳбариятига йўллаган мактубида.

Агар мессенжер «рақамли бармоқ изи» технологиясини жорий қилмаса, интернетда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ассоциацияси АҚШ ҳукуматини TON рақамли ваютаси жиноий даромадларни оқлашни таъминлайдиган назорат қилинмайдиган механизмни яратиши муносабати билан ҳуқуқ эгалари ва инвесторлар учун катта хавф-хатарлар туғдиришидан» хабардор қилишни режалаштирмоқда.

Хусусан, ташкилот АҚШ савдо палатаси, АҚШ қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси, пул ювиш билан курашиш бўйича молиявий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш гуруҳи (FATF) ва Америка китоб сотувчилари уюшмасига мурожаат қилиш билан таҳдид қилди.