«ВАТАННИ ЎЧИРИБ БЎЛМАЙДИ…» ёхуд ҳарбий психологлар бизга қанчалик керак?
Хизмат сафари билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округдамиз. Нукуснинг аччиқ совуғи қават-қават кийимнинг ичидаги баданни тешиб ўтгудек. Марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев эҳтимол бир томнинг устидан иккинчи томга сакраб ўтаётган мушук куннинг совуқлигидан ўртада музлаб қолади, деб мана шу қаҳратонни айтган бўлса керак. Бу ерда яшаётган аҳолига, хизмат қилаётган ҳарбийларимизга қорақалпоқча қилиб, «раҳмет» дегинг келади. Албатта, бу ерда уларни битта нарса ушлаб туради: Ватан туйғуси…
Режа бўйича бугун эрталабдан ҳарбий қисмларда жорий этилган ҳарбий психологлар фаолияти билан танишишимиз, улар ҳақида лавҳа ва очерк ё хабар тайёрлашимиз керак. Ҳарбий қисм ҳарбий психологи лейтенант Беҳруз Мурадов бизни машғулот хонаси томон етаклади. Кирсак, хонада ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ишчи-хизматчилари ва ҳарбийлар ўтирибди. Кўриниб турибди, улар ичида қайси бири ўз хоҳиши билан келган, қайси бирлари эса истагидан ташқари. Буни қорақалпоқларга хос тарзда очиқ билдирганлари ҳам бўлди. «Нима, биз жиннимизми?» деб ўйлашганда. Ҳарбий инсоншуносимиз эса бу нарсаларга парво ҳам қилмай ўз ишида давом этяпти. Одам ҳам шундай бетаъсир бўладими-эй, деб юборасан беихтиёр.
Беҳруз аввалига йиғилганларнинг исми ва унинг тарихи билан қизиқди.
– Менинг исмим Муҳаббат. Бу исмни раҳматли бувим қўйган эканлар, – дея гап бошлади ўзи айтганидек Муҳаббат опа. – Айтишларича, ота-онам бир-бирларини яхши танимай, катталарнинг хоҳишига кўра, совчи орқали турмуш қуришган экан. Мен туғилганимда улар ўртасида муҳаббат пайдо бўлсин, деб исмимни шундай қўйишган экан.
Хонада енгил кулгу кўтарилди. Шундан сўнг машғулот бошланди. Ҳамма билан бир-бир сўрашиб чиққан лейтенант Беҳруз Мурадов бугунги машғулотнинг номини айтди: «мойчечак» (Бу нима дегани экан, деб ҳайрон бўлиб юрманг. Бу сиз русчасига ўрганиб қолганингиз «ромашка» дегани). Шундан сўнг қатнашувчиларга биттадан оқ қозоғ билан ручка тарқатилди. Психологнинг ўз ишининг устаси эканлиги, қалб қўрида ҳалиям сақланиб қолган беғуборлик борлиги кимлардир истар-истамас машғулот шартларини бажаришга киришаётганида, унинг ўзини худди ҳеч нарсани кўрмаётган, сезмаётгандек тутишида кўринарди.
– Қўлингиздаги оқ қоғозга мойчечакнинг расмини чизинг. Унинг гули саккиз банддан иборат бўлсин, – деди биринчи қадамни тушунтиришга киришга Беҳруз. – Қани, чизган бўлсак, ҳаммамиз кўрсатамиз.
Эринибгина қоғоз кўтарган қўллар секин тушурилди. Психолог ҳаммага бир-бир қараб чиқдида, улардан бир дақиқага кўзларини юмушларини илтимос қилди.
– Ана энди, – тушунтиришга киришди у. – Мана шу саккизта банднинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида қилиб ўзимиз учун азиз ва қадрли бўлган нарсаларимизни ёзиб чиқамиз.
– Менинг азиз нарсаларим кўпда, нима қилай? – иштирокчилар ичидан кимдир савол беради.
– Умумийлаштирсангиз ҳам бўлади.
Машғулотни диққат билан кузатамиз. Ҳамма ёзиб бўлгач, кўзлар яна бир дақиқага юмулди. Қоғозга тушурилган қадрлилар тасаввурда жонланди.
Беҳруз машғулотнинг навбатдаги шартини айтганида кўпчилик эътироз билдирди. У дедики:
– Мана шу саккизта банддан иккитасини ўчирамиз…
Иштирокчиларнинг эътирози ҳам ҳақли. Бу бандлар ичига улар соғлиги, ғурури, иши, фарзандлари, ота-онаси, турмуш ўртоғи ва ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар қандай йўл билан асраб қолишга арзигулик «бойлик»ларини ёзишган эди.
– Мен булар ичидан ҳеч бирини ўчиролмайман, дейди Жалғас оға.
– Илтимос, машғулот шарти шундай, ўчирамиз, – деди Беҳруз.
Бир иштирокчи титраган қўлидаги қалам билан иккита банддаги ёзувларни ўчирди-ю, шу бўйи улардан айрилгандек йиғлаб юборди. Бошқаларнинг ҳам кўнгли бузилди. Машғулот шу зайлда қийинлашиб боряпти. Сокин хонада қўлдан тушиб кетган қаламнинг полга, партага тушганидаги овоз эшитилади холос.
… Иштирокчиларда охирги иккита банд қолган. Энг қадрли, суюмли ва азизлари. Беҳруз эса совуққонлик билан уларни ҳам ўчириш кераклигини айтиб турибди. Қатнашчиларнинг эътирози эса қаноатлантирилмаяпти.
– Менинг ота-онам ўтиб кетган. Улар шу тупроқда ётибди ҳозир, – маҳзун оҳангда гапираётган бу аёл Зулфия опа. – Шунинг учун бошда бандларнинг бирига Ватан деб ёзган эдим. Ватанни ўчириб бўлмайди, ўғлим…
Шу пайтгача ўз касбининг устаси эканлигини кўрсатиб келган Беҳруз ҳам бир лаҳзага титраб кетди-ю, ҳиссиётга берилса, машғулот охирига етмай қолишини ўйлади.
– Бундай ишни буюрмаган бўлардиму, аммо машғулотнинг шарти шу, опа, – у ўта оғир ва босиқлик билан гапирарди. – Танловни ўзингизда қолдираман.
Бошда кўзи ёшланган опа яна диққат марказимизда. «Болаларимдан қандай воз кечаман ахир?..» Қанчалик оғир бўлмасин, психолог айтган шартларнинг бари бажарилди. Иштирокчилар гўё чексиз коинотда ҳеч кимсиз, ҳеч нарсасиз, умидсиз ва яшашга бўлган истаксиз қолгандек. Кўзлар сўнгги бор бир дақиқага юмулди ва тасаввурдаги мана шу ҳолат ҳис қилина бошланди. Улар ўша лаҳзада балки ҳаёти давомидаги энг қўрқинчли ва азобли тасаввур билан юзма-юз бўлгандир.
Машғулотнинг иккинчи босқичи бошланди. Энди улар банддаги ёзувларни иккитадан қайта тиклаб чиқишяпти. Юзлардаги қувончни кўрсангиз. Йўқотган нарсаларини бир-бир топишяптида. Ва ниҳоят ҳамма банддаги азизлар номи битилган ёзувлар тикланди. Беҳруз эса уларга қараб туриб:
– Сиз дунёдаги энг бахтли инсонсиз, ишонинг. Оилангиз, яхши кўрган ишингиз, соғлигингиз, яқинларингиз бор. Фақат буни ҳис қилишингиз керак. Уларни асранг, қадрига етинг. Ҳаёт афсуски бугунги машғулотимиз эмас. Йўқотган нарсаларингиз қайтмайди.
Машғулот аввалида иштирок этишни истамаган кишилар психологга энг биринчи бўлиб раҳмат айтди. Биз ҳам Беҳрузга қорақалпоқча қилиб «раҳмет» дедик.
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.