Ўзбекистонда 2020 йилдан бензин ва суюлтирилган газ нархи ошади
2020 йилда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкалари оширилади. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунда айтилади.
Бунда 2020 йилдан заргарлик буюмлари учун 25 фоиз, мобил алоқа хизматлари учун 20 фоиз, кумушдан ишланган ошхона анжомлари учун 11 фоиз, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газ учун 30 фоиз, полиэтилен гранулалар учун 30 фоиз акциз солиғи ставкаси жорий қилинади.
Шунингдек, бензин, дизел ёқилғиси ва суюлтирилган газни автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали сотишда акциз солиғи 1 литрдан келиб чиқиб ҳисобланади. Унга кўра, 2020 йил 1-анвардан 1 литр бензин, дизел ёқилғиси ва суюлтирилган газ учун 285 сўм (2020 йил 1 апрелдан эса 350 сўм), сиқилган газ учун эса 435 сўм (1 апрелдан 500 сўм) акциз солиғи олинади.