December 4, 2019

Наманганда “Солиқларни ақлли йиғиш тизими” терминал қурилмаси амалиётга жорий этилди

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида, солиқлар ва мажбурий тўловларни электрон тўлов тизимлари, шахсий кабинет ва шу каби инсон омили мавжуд бўлмаган технологиялар орқали амалга ошириш имкониятини яратиш зарурати юзага келмоқда.

Шунга асосан, ҳудудий солиқ инспекторларининг аҳолидан солиқларни нақд пул ва банк пластик карточкалар орқали ундириб олиш имконияти мавжуд бўлган “Солиқларни ақлли йиғиш тизими” яъни “САЙТ” дастури ўрнатилган терминал қурилмаси амалиётга жорий этилмоқда. Мазкур лойиҳанинг мақсадлари солиқ тушумларини таъминлашда инспектор фаолиятини автоматлаштириш, солиқ тушумлари бўйича нақд пул маблағларини банкка ўз вақтида тушушини таъминлаш ва реал вақт режимида ихтиёрий дислокацияда қарздор мижозларни аниқлашдан иборат. “САЙТ” терминал қурилмаси орқали маълумотлар базасидаги жисмоний шахсларнинг барча солиқ тўловлари тўғрисидаги ахборотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, Мазкур лойиҳани амалиётга жорий этиш билан солиқ инспекторининг иш унумдорлигини ошириш, солиқ тўловчиларнинг оворагарчилигини кескин камайтириш, солиқ тушумини қабул қилишда соатлик назоратни йўлга қўйиш натижасида ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди олинади ва шунинг баробарида солиқ тўловчиларга тезкор хизмат кўрсатишга эришилади.

“САЙТ” терминал қурилмаси орқали бир неча имкониятлар яратилади. Биринчидан,  солиқ инспекторининг бириктирилган ҳудудида кун давомида амалга оширилган ишлари электрон назорат қилиб борилади. Иккинчидан,  Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларни ҳисобини олиб борилади. Дастурнинг яна бир афзаллик жиҳатлари Давлат солиқ инспекцияси инспектори фаолиятини масофадан назорат қилиш ва кунлик амалга оширилган ишларни назорат қилиб борилади. Навигация тизими орқали эса  солиқ тўловчининг манзилини аниқлаш мумкин.

Таъкидлаш жоиз, “САЙТ” терминал қурилмаси биринчи босқичда Наманган вилоятида тажриба тариқасида синовдан ўтказилмоқда. Натижадорлигига қараб, босқичма-босқич республикамизнинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.

Ҳурматли вилоятимиз аҳолиси! Агар хонадонингизга келган инспектор қўлида мазкур дастур ўрнатилган қурилма бўлмаса, тўловларни амалга оширмаслик ҳуқуқига эга эканлигингизни унутманг. Тўловдан сўнг берилган чекда керакли маълумотларнинг барчаси, хаттоки тўловни қабул қилган ходимнинг исми шарифи ҳам киритилган.

Наманган вилоят ДСБ матбуот хизмати.