December 4, 2019

Чарчадингизми, тўхтанг ва бир оз дам олинг

Бугун бу гапни вилоятлараро йўналишларда ҳаракатланаётган ва мунтазам йўл-патруль хизмати масканларидан ўтаётган аксарият ҳайдовчилар эшитади. Нима учун?

Гап шундаки, кўча доимо тасодифларга тўла. Шу сабабли ҳам йўлда ҳамиша ҳушёр бўлиш, ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига амал қилиш зарур. Айниқса, узоқ масофаларга қатнайдиган, йўловчи ташийдиган транспорт воситалари ҳайдовчилари бунга жиддий эътибор қаратиши керак бўлади. Агар таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, аксарият йўл-транспорт ҳодисалари тунги вақтда содир бўлади. Бунга асосий сабаб ҳайдовчиларнинг ўта чарчоқ ҳолатда ухлаб қолишидир. Дам олмасдан ҳаракатланиш, боз устига автомобилнинг иситиш тизимини ёқиш ва салон ичининг иссиқ бўлиши ҳайдовчининг ухлаб қолишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан саналади.

Шуни инобатга олган ҳолда мамлакат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари тунги вақтларда мунтазам йўл-патруль хизмати масканларида махсус тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, узоқ масофаларга қатновчи транспорт воситалари ҳайдовчилари билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Йўл-патруль хизмати масканларига қўйилган махсус экранларда қоидабузарликларнинг аянчли оқибатлари акс эттирилган лавҳалар намойиш этилмоқда.

Йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳар бир ҳайдовчи билан алоҳида суҳбатлашиш жараёнида унинг ҳолатига ҳам эътибор қаратмоқда. Чарчаш аломатлари сезилган ҳолда ҳайдовчига бир оз дам олиш, очиқ ҳаводан нафас олиш, иссиқ қаҳва, чой ичиш таклиф этилаяпти. Бу тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган. Шундай экан, чарчадингизми, тўхтанг ва бир оз дам олинг.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати.